Тўқаев Қорабоғга борди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 12 март куни Озарбайжон Республикасига давлат ташрифи доирасида Фузулий шаҳрига борди. Бу ҳақда Оқ ўрда матбуот хизмати хабар берди.

Тўқаевни аэропортда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев кутиб олди. Тўқаевнинг Озарбайжон Республикасига давлат ташрифининг иккинчи куни Илҳом Алиев билан биргаликда вайрон бўлган жойларни кўздан кечириш ва Фузулийни ривожлантиришнинг бош режаси билан танишишдан бошланди.

Давлат раҳбарларига шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудларни тиклаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Президентларга аҳоли пунктининг янги қиёфаси, бўлажак маъмурий марказ, шаҳар боғи ва бошқа муҳим объектларнинг эскизлари ва лойиҳалари тақдим этилди.

Қозоғистон ва Озарбайжон раҳбарларига маълум қилинишича, айни пайтда бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йил май ойида шаҳар ичидаги йўллар тармоғи ҳамда сув таъминоти, канализация ва ёмғир сувларини бошқариш тизимларига пойдевор қўйилган. “Фузулий” рақамли подстанцияси ва бошқарув марказининг очилиши ҳам бўлиб ўтган.

Шу билан бирга, маъмурий бинолар, хўжалик хоналар, тураржой массиви қурилиши бошланган. Айни пайтда Фузулий шаҳрида 38 кўп қаватли уй бунёд этилмоқда.

Президентлар қозоқ бастакори Курманқази номидаги Болалар ижодиёти марказининг очилиш маросимида иштирок этди. Таъкидланишича, замонавий инновацион марказ Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан қисқа муддатда Озарбайжон халқига қозоқ халқининг инсонпарварлик туҳфаси сифатида қурилган.

“Бу Қозоғистон халқи номидан берган совғамиздир. Менинг шахсий кўрсатмаларимга кўра, ушбу совға BI Group хусусий компанияси томонидан тақдим этилган ва бу бутун қалбим билан, барча одамлар томонидан. Ўйлайманки, бу иншоот мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Сизга муваффақият ва фаровонлик тилайман. Шубҳа йўқки, Озарбайжоннинг бу муқаддас ҳудуди кучли тараққиётга эришади”, деган Қозоғистон Президенти фузулийликлар билан суҳбатда.

Ўз навбатида, Илҳом Алиев Қосим-Жомарт Тўқаевга ва бутун Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирган.

“Бундай биродарлик совғаси учун сизга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Бу сизнинг шахсий ташаббусингиз – озод қилинган ерларда Болалар ижодиёти марказини ташкил этиш. Сиз Озарбайжонга охирги марта бир ярим йил олдин ташриф буюрганингизда, ушбу марказнинг тақдимоти бўлиб ўтди ва том маънода бир йил ичида у қурилди ва бугун у расман очилди. Марказ қозоқ халқининг буюк фарзанди Қурмангази номи билан аталган. Кеча айтганимиздек, бу нафақат Болалар ижодиёти маркази, балки Қозоғистон ва Озарбайжоннинг дўстлик ва биродарлик маркази бўлади. Биз бу ташаббус учун чин дилдан миннатдормиз. Бу барча озарбайжонликлар хотирасида қолади”, деган Озарбайжон Президенти.

Таъкидлаш жоизки, янги ўқув мажмуаси учун Курманқази номининг танланиши ҳам бежиз эмас - бу таниқли қозоқ куйчисининг афсонавий асарлари бутун туркий дунё мулкига айланган.

“Дарҳақиқат, Курманқази қозоқ мусиқасининг титанидир, ҳатто айтиш мумкинки, туркий маданиятнинг ажралмас қисмидир. Қозоқ мусиқасини Курманқази номисиз тасаввур қилиш қийин. Унинг мусиқаси жуда динамик ва замонавий. Ҳозиргача унинг машҳур “Сарярқа” куйи катта ҳаяжон билан тингланади”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Икки давлат раҳбарлари биргаликда Болалар ижодиёти марказининг янги кабинетлари, ўқув хоналари, заллари ва ижодий студияларини кўздан кечирган. Объектнинг биринчи тошини қўйиш 2023 йил март ойида бўлиб ўтган. Лойиҳа 3 ойда, қурилиш 9 ойда якунланган.

Марказ 1,5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, умумий ривожланиш майдони 2700 квадрат метрни ташкил этади. Икки қаватли бинода бир неча сменада 600 нафар боланинг мактабдан ташқари таълим олиши учун барча шароит яратилган. Маъруза зали, шахмат-шашка, пазандачилик, тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик студияси, хореография зали ва спорт зали, овоз ёзиш хонаси, мусиқа ва вокал синфи, фото ва видео монтаж хоналари, веб-дизайн ва робототехника, йиғилиш зали ва 3D моделлаштириш синфи хоналари мавжуд. Бу ерда IT-стартаплар ва Озарбайжон миллий маданиятига, жумладан, гиламдўзлик санъатига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилмоқда.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Марказ жамоасига Курманқази номидаги домбра нусхаси ва ўқув мажмуаси ўқувчиларини ташиш учун автобус совға қилди.

Шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон Президентлари Фузулий шаҳар марказий шифохонаси қурилиш майдонини кўздан кечирди. Қосим-Жомарт Тоқаев ва Илҳом Алиевга маълум қилинишича, бўлажак тиббиёт муассасаси 180 ўринли, бинонинг умумий майдони 34 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиши режалаштирилган. Объект қозоғистонлик қурувчилар томонидан тижорий асосда қурилиши режалаштирилган.

Шундан сўнг икки давлат раҳбарлари Шуша шаҳрига борди. Президентлар Қорабоғ тизмаси этакларида жойлашган шаҳарнинг бош режаси билан танишди. Сўнгра вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, марказий майдон, Соатли жоме масжиди, баланд тоғли Жидир тузу, Булбул уй-музейи, Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган фотокўргазма ва бошқаларни кўздан кечирди.

Озарбайжон раҳбарининг таъкидлашича, Шуша қадим замонлардан бери Озарбайжон маданиятининг бешиги саналиб келган. Ўзининг гуллаб-яшнаган даврида шаҳар шеърият, санъат ва меъморчилик ривожи учун жой бўлган.

Билдирилишича, ҳозирда бу ерда инфратузилмани қуриш ва тиклаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Бир нечта меҳмонхоналар, музейлар ва масжидлар аллақачон ишламоқда. Турар-жой бинолари, таълим ва ижтимоий муассасалар, черковлар қурилиб, таъмирланмоқда. Шу билан бирга, турли соҳа мутахассислари иштирокида объектларни баҳолаш ва инвентаризация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Фузулий халқаро аэропорти 2021 йил 26 октябрь куни ишга туширилган. Ҳаво бандаргоҳини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған очиб берганди. Ўшанда Эрдўғаннинг самолёти Бакуга эмас, тўғридан-тўғри Қорабоғга қўнган. Шу тариқа Туркия етакчиси Фузулий аэропортига борган илк давлат раҳбари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироатхон Мирзиёева билан бирга Фузулийга борганди. Уларни аэропортда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева кутиб олганди. Қорабоғга ташриф давомида Фузулий шаҳрида Мирзиёев ташаббуси билан қурилган 960 нафар ўқувчига мўлжалланган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб очилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Озарбайжон Илҳом Алиев Қосим-Жомарт Тўқаев Қорабоғ Шуша Фузулий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг