Швейцарияда Гулнора Каримовага қарши яна жиноят иши очилди

3-саҳифа

image

Кеча, 28 сентябрда Швейцарияда Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ва Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонасининг собиқ бош директорига қарши иш Жиноят ишлари бўйича Федерал судига юборилди. Бу ҳақда Швейцария Бош прокуратураси маълум қилди.

“Икки айбланувчи турли мамлакатларда, жумладан, Швейцарияда фаолият олиб борган жиноий ташкилотда иштирок этгани айтилмоқда. Айбловлар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда жиноий ташкилотда иштирок этиш (Швейцария Жиноят кодексининг 260-моддаси), жиноий даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 305-моддаси), хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш (ЖКнинг 322-моддаси) ва ҳужжатларни қалбакилаштиришни (ЖКнинг 251-моддаси) ўз ичига олади”, дейилади прокуратура баёнотида.

Швейцария Бош прокуратурасининг маълум қилишича, 2012-2014 йиллар оралиғида суд жараёни Гулнора Каримованинг қўл остидаги ходимлари ва Гулнора Каримованинг ўзини ҳам қамраб олган. Чунки ўшанда унинг БМТнинг Женевадаги ваколатхонасидаги дипломат сифатидаги фаолияти билан боғлиқ иммунитети бекор қилинган.

“2018-2021 йилларда тергов доирасида тўрт нафар шахс жиноий даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. 340 миллион Швейцария франкидан ортиқ маблағ Ўзбекистонга қайтариш мақсадида қатъий равишда мусодара қилинган. Айни пайтда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчига қарши суд жараёнида 440 миллион Швейцария франкидан ортиқ мол-мулки мусодара қилинмоқда”, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова 2001 йилдан 2013 йилгача бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган “Офис” деб номланувчи иерархик жиноий ташкилот тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айбланган. Билдирилишича, Швейцарияда ушбу ташкилот ўз фаолиятини 2005 йилда банк ҳисоблари ва сейфларидаги жиноий операцияларидан келиб чиқадиган капитални яшириш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун бошлаган.

“Хусусан, унинг ҳажми, ташкил этиш тартиби, инфратузилмалари, ўзига тегишли бўлган мулклар кўлами ва айрим аъзоларининг малакасини ҳисобга олган ҳолда, “Офис” ўзининг жиноий фаолиятини профессионал бизнес сифатида, яъни вазифаларнинг қатъий тақсимланишига риоя қилиш, шу билан бирга зўравонлик ва қўрқитиш усулларини қўллаган ҳолда амалга оширди”, дейди прокуратура.

Қайд этилишича, 2000 йилдан бошлаб жадал ривожлана бошлаган Ўзбекистон телекоммуникация тармоғи мамлакатдаги энг даромадли соҳалардан бири бўлган. Айблов хулосасига кўра, ўша пайтда ушбу соҳага кириш ва фаолият юритишни хоҳловчи хорижий компаниялар Гулнора Каримованинг фойдасига ҳал бўлиши учун “Офис”даги компаниялар орқали пора бериши талаб қилинган. 

“Айбсизлик презумпцияси ҳар иккала айбланувчига ҳам якуний ҳукм чиқарилгунга қадар амал қилади. Айблов эълон қилинганидан сўнг, Жиноят ишлари бўйича Федерал суд қўшимча маълумотни тақдим этиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олади”, дея хулоса қилади прокуратура.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Швейцария федерал жиноий суди Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича музлатиб қўйилган маблағлардан Takilant компаниясига қарийб 70 миллион долларни қайтаришга қарор қилганди. Жорий йилда эса Буюк Британиянинг Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Каримованинг учта ҳашаматли мулки мусодара қилинганини маълум қилганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова онасининг Буюк Британиядаги мол-мулки мусодара қилингани ҳақидаги маълумотни рад этганди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари оналар ва болаларнинг ўлимини камайтиришга сарфланишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Швейцария

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг