Бошига Гулноранинг куни тушган бой хоним ким?
Таҳлил
−
08 Февраль 2020
46058Британиядаги бойларнинг Harrods дўконида £16 миллион ($20.7 млн) долларга бозорлик қилган Замира Ҳожиева Лондондаги қимматбаҳо уйидан ажралиши мумкин. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Британия тарихида биринчи марта бойликнинг келиб чиқиши шубҳали бўлгани учун ўз эгасидан тортиб олинмоқда. Замира Ҳожиева ўз уйини тортиб олиш ҳақидаги маҳкама қарорига қарши шикоят қилганди. Бироқ, у апелляцион судида ютқазган.
Замира Ҳожиева энди Британиядаги кўп миллионли уйини ва қарийб 20 миллион долларлик гольф майдончасини сотиб олган пулларини қонуний йўлда топганини исботлаб бериши керак. Агар у даромадини исботлай олмаса, молк-мулки тортиб олинади.
Ҳожиева ким?
Замира Ҳожиеванинг эри Озарбайжон давлат банкида ишлаган ва ҳозир қаллоблик учун қамалган. Замира Ҳожиева ҳали Британияда бирон жиноятда айбланмаган. Эр-хотин бойликларини ноқонуний йўлда топишганини рад этишмоқда.
Замира Ҳожиева ўз эри Озарбайжондаги ноҳақлик қурбони бўлганини айтади. Бироқ сўнгги маҳкама қарорига кўра, у Британия Олий Судига мурожаат эта олмайди.
Британиядаги маҳкама унинг давлат банкида ишлаган эри қонуний йўлда бунчалик катта миқдорда бойлик тўплашига ишонмаган. Мамлакат иқтисодий жиноиятлар маркази вакили Сара Притчард озарбайжонлик оила мулкига оид сўнгги қарорни "муҳим натижа" деб атаган.
"Маҳкама қарори келажакдаги шу каби шубҳали йўлда тўпланган бойликларни тафтиш қилишимизда қўл келади", деган у.
Бу дегани – коррупцияга ботган давлатлар бошқарувига алоқадор ёки бойлигини қандай топгани шубҳали бўлган чет элликларнинг мулкларини олиб қўйиш осонлашади.
Гулнора Каримованинг уйлари
Буюк Британия матбуотига кўра, мамлакатда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли Суррейдаги уй ва Лондоннинг нуфузли майдонларида умумий қиймати 40 миллион фунт (52 миллион доллар) бўлган иккита квартира бор.
Қайд этилишича, Суррейда Каримова 2010 йилда 18 миллион фунтга (23,5 миллион доллар) Gorse Hill Manor мулкини сотиб олган. Бугунги кунда ушбу иншоот 30 миллион фунт стерлинг (39 миллион доллар) туради.
Қаср 1912 йилда қурилган, унинг ҳудудида қайиқда сайр қилиш учун кўл ва 70 минг квадрат метр майдонга эга боғлар жойлашган. “Ўзбек малика” саройи ёнида нуфузли бойларнинг кошоналари, хусусан Бруней султонининг мулки жойлашган.
Буюк Британия пойтахтида Каримованинг иккита уйи бор. Уларнинг бири Mайфаир туманида 8 миллион (10,4 миллион доллар) ва Белгравия вилоятида 2 миллион фунт (2,6 миллион доллар)га сотиб олинган.
2018 йилнинг октябрида Британиянинг катта миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Гулнора Каримованинг коррупцион фаолиятидан топилган пуллар эвазига харид қилинган учта объектни хатлаш юзасидан даъвони илгари сурган эди. Бироқ ўшанда айнан қайси объектлар назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.
Ўтган йили Франция расмийлари Каримованинг Париждаги квартираси, Сент-Тропе ҳудудидаги вилла ва Париж четидаги қасрни отиб пулини Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилганди.
Париждаги квартира аллақачон 14 миллион еврога “ким ошди” савдосига қўйилгани маълум, бу харид нархидан икки баравар паст.
2017 йил июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовга қарши иккинчи жиноий ишни қўзғатган. Буюк Британияда Каримованинг 4,2 миллион фунт (5,5 миллион доллар) миқдоридаги нақд пули, шунингдек, умумий қиймати 22,9 миллион фунт (30 миллион доллар) бўлган уйлар, квартиралари ва виллалари борлиги аниқланган. ОAВдаги Британия активлари орасида фақат “Лондоннинг Чешам кўчасидаги тўрт қаватли бинонинг” номи тилга олинган.
Икки йил олдин, Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва ўғрилик бўйича иккита жиноий иш очилган эди. Ушбу икки ҳолатда давлат ва фуқароларнинг манфаатларига етказилган зарарнинг умумий ҳажми 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион AҚШ доллари, 26,1 миллион евро экани айтилган.
2015 йилда Каримова беш йилга, 2017 йилда 10 йилга қамалган. 2018 йилда иккинчи ҳолатда қамоқ муддати беш йил озодликни чеклаш билан алмаштирилди.
2019 йил бошида Каримова Зангиота аёллар колониясига “жазони ўташ тартиби ва шартларини қўпол равишда бузганлиги” учун кўчирилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Каримова рейдлар билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланиб, янги жиноий иш қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ушбу иш доирасида етказилган зарар 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўмдан (қарийб 9 миллион доллар) ташкил этди.
LiveБарчаси