Қорақалпоғистонда коронавирус аниқланган қозоғистонлик билан мулоқотда бўлганлар карантинга олинди

Жамият

image
Коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди – БП north_east

Коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди – БП

Ўзбекистондан қайтган Қозоғистон фуқаросида коронавирус аниқланганлиги ва у Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги тўй маросимида иштирок этганлиги ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди.

Баёнотга кўра, ушбу вазият юзасидан Қозоғистон Республикасининг тегишли идоралари томонидан Ўзбекистонга расмий маълумот келиб тушмаган. Вазирлик томонидан чуқурлаштирилган профилактик чора-тадбирлар (эпидемиологик суриштирув) ўтказилмоқда.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 март куни Қозоғистонда доимий яшовчи 20 нафар фуқаро (шуларнинг 3 нафари вояга етмаган) микроавтобусда Қорақалпоғистон Республикасига меҳмонга келиб, шуларнинг 16 нафари (2 нафари вояга етмаган) Тўрткўл тумани “Тозабоғёп” ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйида меҳмон бўлиб қолган. Қолган 4 нафар меҳмон (1 нафари вояга етмаган) Элликқалъа тумани “Элликқалъа” ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйига меҳмонга кетган.

Қозоғистонлик фуқароларнинг Ўзбекистонга келишдан мақсади тўй маросимларида иштирок этиш бўлган. 14−25 март кунлари оралиғида Тўрткўл туманида бўлган фуқаролар 3 хонадонда меҳмонда бўлиб, 18 март куни никоҳ тўйда қатнашган. Элликқалъа туманида бўлган фуқаролар 2 хонадонда меҳмонда бўлган.

Меҳмонга келган 20 нафар фуқаро 25 март куни Тўрткўл туманидан Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” чегара пости орқали Қозоғистон Республикасига чиқиб кетган. Йўлда кетаётиб ҳеч қаерда тўхтамаган, бошқалар билан мулоқот қилмаган, ўзларининг ёнида бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.

Қозоғистон фуқароларининг барчаси 26 март куни ўз манзилларига етиб борган ва улар тегишли тартибда карантинга олинган. Уларнинг ичида 60 ёшли аёлда лаборатория текширувлари натижаси бўйича коронавирус касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Касаллик билан гумон қилинган фуқаронинг яқинлари берган маълумоти бўйича, аёлнинг лаборатория текширув натижаси коронавирусни кўрсатган бўлса ҳам, аёлда ва у билан мулоқотда бўлган фуқароларда касаллик белгилари йўқ, уларнинг аҳволи яхши.

Вазирлик маълумотига кўра, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида қозоғистонлик фуқаролар билан мулоқотда бўлган одамлар аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтказилган, тегишли лаборатория таҳлиллари олинган. Уларнинг тана ҳарорати назоратга олиниб, 14 кунлик уй шароитидаги карантинга олинган. Шу кунга қадар бу фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус касаллигининг белгилари аниқланмади.

Бу ҳолат бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Уларнинг натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

“Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида профилактик тадбирларнинг ўтказилаётгани аҳоли орасида бу туманларда коронавирус инфекцияси аниқланган деган нотўғри маълумотлар, турли миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бироқ бу профилактик тадбирлар айнан инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ўтказилаётганини маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, 2020 йил 31 март соат 22:30 ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган бирорта бемор аниқланмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 173 нафарга етди. Уларнинг 8 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг