ХҚҚ раислигидан кетган Боситхонова янги лавозимда иш бошлади

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани, ушбу фармонга биноан Бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Шу муносабат билан бугунгача Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Хотин қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Элмира Эркиновна Боситхоновна янги лавозимга тайинланди. У Президент фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига раисликни ҳам бажаради.  

Маълумот ўрнида, Элмира Боситхонова 1958 йил 10 ноябрда Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган.

1981 йил Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси)ни тамомлаган.

1981-2011 йилларда шифокор-интерни, шифокор-ординатор, анестезиология ва реанимация бўлими мудири, Тошкент шаҳар тез ёрдам клиник шифохонаси Бош шифокори лавозимларида ишлаган.

2011-2016 йиллар давомида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига раислик қилган.

2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритди.

2004-2011 йилларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати бўлган.

Ўзбекистон Републикаси Президентининг тавсияси асосида 2019 йилнинг июнидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига қайта тайинланган.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенат аъзоси этиб тайинланган.

1998 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, 2014 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. 

Оилали, 4 нафар фарзанди бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари вазифалари юклангани, Ботир Парпиев эса вазир ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. 


Мақола муаллифи

Теглар

Элмира Боситхонова

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг