Никоҳланувчилар пулли ирсий лаборатор текширувдан ўтказилиши мумкин

Жамият

image
0:00
0:00
download


Никоҳдан аввалги текширувларга жавоб берадиган ҳар бир репродуктив саломатлик маркази таркибида “Клиник генетик” лавозими жорий этилади. Сулоласида ирсий касалликлари мавжуд ёшлар ихтиёрий тарзда пулли асосда текширувлардан ўтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова кеча, 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтди.

“Никоҳдан аввалги босқичда маҳалла ва жамият билан кўп тармоқли марказий, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорларнинг ўзаро ҳамкорлиги йўқ. Аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантиришда ҳамкорлик ва тизим етарли эмас. Биз бу нарсага қанчалик юзаки қарамайлик, дунё тажрибаси шуни кўрсатяптики, оила соғлом бўлиши учун, албатта, жамиятнинг муносабати бу борада жуда катта аҳамиятга эга”, дейди Боситхонова.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари сўзида давом этиб, никоҳдан аввалги текширувларга жавоб берадиган репродуктив саломатлик маркази аҳолининг 40 фоизинигина қамраб олганини айтди.

“Яна муаммоларимиздан бири амублатор тизимда акушер-гинеколог ва педиатрлар қисқартирилган. Натижада аёллар ва қизларни соғломлаштириш сифати етарли даражада эмас. Илк ҳомиладорлик патологиясининг кўрсаткичи 10 фоиз бўляпти. Демак, турмуш қурган қизларимизнинг 10 фоизи қандайдир бир касалликка йўлиққан. Қизлар оила қуруш учун тиббиёт нуқтаи назаридан тайёр эмаслигини ҳам кўряпмиз. Репродуктив саломатлик маркази аҳолининг 40 фоизинигина қамраб олган. ФҲДЁ ва маҳалла ҳамкорлиги мавжуд эмас. Мен бу тўғрисида алоҳида айтмоқчиман, Сенатнинг аралашуви билан 365-қарорга ўзгартиришлар киритилди. 2022 йилнинг биринчи чорагидан биз репродуктив саломатлик маркази орқали ФҲДЁ органлари билан битта электрон базага кирамиз. Ариза топширган ёшлар фақат ягона электрон дастур орқали тўлиқ текширувлардан ўтади. Демак, ФҲДЁ билан тиббиёт ходимларининг ҳамкорлиги шу орқали тикланади”, дейди вазир ўринбосари.

Элмира Боситхонова репродуктив саломатлик марказларидаги иш услуби самарасиз ва эски шаклда экани, шунингдек, кадрлар салоҳияти ва моддий техника базаси етарли эмаслигини таъкидлади.

“Биз дунё тажрибасини ўргандик, кўпгина мамлакатларда  ирсий  касалликларнинг олдини олиш мақсадида, кимнингдир қариндош-уруғида ирсий касалликлар учраган бўлса, келин ва куёв мажбурий эмас, ихтиёрий тарзда генетик текширувлардан ўтади.

Шунинг учун Сенатнинг ёрдами билан ҳар бир репродуктив саломатлик марказининг таркибида клиник генетик лавозими жорий этилади.Клиник генетик икки ёш билан гаплашиб, унинг сулоласида қандай ҳолатлар бўлганини сўраб суриштириб, генетик лаборатор текширувларидан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Генетик  лаборатория текширувларини  аҳоли учун бепул ўтказиш масаласи кўтариляпти. Мен буни қўллаб-қувватлашдан сал йироқман. Чунки бугун дабдаба билан тўйлар ўтказиляпти, ҳатто оддий бир торт ҳам фалон миллион сўмга  буюртма қилиняпти. Исрофгарчиликлар бор. Оиланинг соғлом бўлиши учун текширув эса 400 минг сўм атрофида бўлиши тахмин қилиняпти. Буни ҳам давлат кўтариши жуда қийин масала”, дейди Элмира Боситхонова.

Тадбир давомида, 2021 йил фарзанд туғилгандан сўнг болалар ногиронлиги 8587 нафар, асоратли ҳомиладорлик 157 646 нафарни ташкил этгани ҳақида маьлумот берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ФҲДЁ репродуктив саломатлик Элмира Боситхонова

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг