Президент топшириғи – Ўзбекистонда 1 декабргача 85 миллион туп кўчат экилади

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг 25 октябрдан 1 декабргача 85 миллион туп кўчат экишга топшириқ берди. У бу ҳақда бугун, 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда "Яшил макон" кузги мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Йиғилишда, бу йилги “кузги дарахт экиш мавсуми”да барча даражадаги раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, нуронийлар, санъаткор ва спортчилар, машҳур блогерлар ўрнак кўрсатишлари муҳимлиги таъкидланди. 

Бунинг учун Республика штаби ташкил қилинади. Фанлар академияси, Тупроқшунослик, Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳам штабга аъзо бўлади. Штаб тупроқ таҳлили, иқлим шароити асосида қаерга, қачон, қайси кўчат турини қанча экишни белгилаб беради.

Маълумот ўрнида, ўтган 2 йилда уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев аввал ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган раҳбарларни танқид қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойда Ўзбекистон Республикаси Табиат Ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2 миллиондан ортиқ экилмаган кўчат ҳисоботга қўшиб ёзилганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, Навоийда 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғонада 465 минг ва Қашқадарё вилоятида 227 минг туп кўчатни қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Азиз Абдуҳакимов Яшил макон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг