Абхазия Президенти намойишлар ортидан истеъфога чиқди
Олам
−
13 Январь 2020
4406Абхазия Президенти Раул Хажимба мамлакатда юз бераётган ўзига қарши норозиликлар ортидан истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда Абхазия вице-президенти Аслан Барциц хабар берди.
“Қон тўкилмаслиги, республикада барқарорлик бўлиши учун у тегишли ҳужжатни имзолашга рози бўлди”, деб айтган Барциц.
Хажимбанинг ўзи ҳам лавозимидан кетганини тасдиқлаган. У навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок этиши ҳақидаги саволга “Ҳаёт кўрсатади”, деб жавоб қилган.
“Ягона Абхазия” мухолиф партияси раиси Сергей Шамбанинг маълум қилишича, республика Конституциясига кўра, Хажимбанинг истеъфосидан кейин Президент вазифасини Бош вазир бажаради. Айни вақтда Бош вазир лавозимини Валерий Бганба эгаллайди.
Мухолифат тарафдорлари Хажимбанинг истеъфосини ўзларининг ғалабаси сифатида қарши олиб, бир-бирларини табрикладилар.
12 январда Абхазия марказий сайлов комиссияси 22 март куни такрорий президентлик сайловлари бўлиб ўтишини белгилади. Комиссияда Олий суднинг 2019 йил сентябрда ўтган сайловлар натижаларини бекор қилиш ҳақидаги қарорига қарши экани, бироқ унга бўйсунишга мажбурлиги айтиб ўтилган.
Таъкидланишича, республикага Москвадан РФ Президентининг ёрдамчиси Владислав Сурков “вазиятни ҳал қилиш” учун келган.
Эслатиб ўтамиз, Абхазияда мухолифатчилар Раул Хажимбага қарши намойишларни бошлаб юбориши ортидан мамлакат парламенти унинг истеъфога чиқиши учун овоз берганди. Кейинроқ Абхазия суди ўтган йилнинг сентябридаги президентлик сайловлари натижаларини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.