... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Очил дастурхон: Қовоқ ичида товуқ дўлма


18:11, 28.12.2016 Бу қизиқ
 1 088

2017 йил товуқ йили. Дастурхонга товуқли таом тортамиз.

Тез орада 2017 йилни қарши оламиз. Бу йил товуқ мучали ҳукмронлик қилади. Шу сабабли, тайёрлаётган таомларингиз орасида товуқли таомнинг ҳам бўлиши айни муддао.
 
Товуқни қовуриш, сувда, печда пишириш мумкин. Аммо уни ноодатий тарзда тайёрлаш усули ҳам бор. Бугун эътиборингизга қовоқ ичига солиб пишириладиган товуқ ва гуручли дўлма таомини тайёрлаш усулини ўргатамиз.
 
Ушбу таомни тайёрлаш учун қуйидаги масаллиқлар керак бўлади:
 
1 та ўртача ҳажмдаги қовоқ (қовоқнинг катта кичиклиги оила аъзолар ва ташриф буюражак меҳмонларнинг сонига кўра танланади)
1 кг товуқ гўштининг лаҳм қисми (бўлакларга бўлиб ёғда икки тарафи қизартириб олинади)
1 стакан гуруч (гуруч чала ҳолатда сувда пишириб олинади)
2 дона пиёз (ёғда қизартириб олинади)
2 дона шолғом
Туз
Зира
Кўкатлар
Ўсимлик ёғи
 
Тайёрлаш жараёни:
Энг аввало, қовоқнинг дум қисми қопқоқ кўринишида кесиб олинади. Сўнг қовоқнинг ички қисми қошиқ ёрдамида қириб, олиб ташланади. Унинг таг қисмига биринчилардан бўлиб чала пишган гуруч, устидан пиёз солинади. Кейин эса қовоқ ичига товуқ гўшти жойлаштирилади. Шолғомни 3-4 бўлакка бўлиб соламиз. Чамалаб туз, кўкатлар, зираворларни сепамиз. Ушбу таомга туз оз миқдорда солинади.
 
Масаллиқлар жойлаштириб бўлингач, қовоқнинг “қопқоғи” ёпилади. Уни печ ичига жойлаштиришдан аввал, устига ўсимлик ёғидан суртиб чиқамиз. Шундай қилинса, қовоқ ялтираб, худди чинни идиш каби ярақлаб пишади.
 
Тайёр ҳолга келган қовоқли товуқ дўлма печга қўйилади ва бир ярим соат давомида 220-250 даража иссиқликда пиширилади. Агар қовоқнинг ҳажми кичик бўлса, у тезроқ пишади.
 
Одатда ушбу таом дастурхонга бутунлигича лаганга солиб тортилади. Агар истасангиз уни кесиб тортишингиз ҳам мумкин. 
Умида Якубова

Теглар:Қовоқ Дўлма Товуқ Очил дастурхон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!