... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Муқаддас Саъдуллаева: “Яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, ёмонлик қилмайлик”


15:02, 07.01.2017 Шоу-бизнес
 4 430

Актриса отасидан эшитган ривоятни сўзлаб берар экан, яхшилик ҳеч қачон унут бўлмаслигини, яхшилик қилиш қўлидан келмаган инсонлар, ҳеч бўлмаса бировга ёмонлик қилмасликлари кераклиги ҳақида ҳам гапирди.

Актриса Муқаддас Саъдуллаева ўзининг Instagram’даги шахсий саҳифасига қизчаси Саъдия ва отаси Лутфулла Саъдуллаевнинг суратини жойлаштириб,  отаси айтиб берган ривоятларни яхши кўришини билдирди ва соқолли от ҳақидаги чуқур маънога эга бўлган ҳикояни ёзиб қолдирди.


 
“Ривоят қилишларича, бир йигит ҳар жума кунлари қабристонга бориб, кўплаб қабрларни ёнида тиловат қилар экан. У қабрлар орасидаги айнан бирининг олдига келиб, йиғлар, узундан-узоқ дуо қилар, қабрни қучиб, бағрига босганча соатлаб қолиб кетар экан. Бу ҳолатни бир неча бор кузатган гўрков йигитнинг нима учун шунай қилишига қизиқибди.
 
Бир куни гўрков йигитни тўхтатиб, бунинг сабабини сўрабди. Йигит шундай жавоб қилибди:
 
“Сизга бу ҳолатнинг жавобини айтиш учун болалигимда бўлган бир воқеани айтиб бераман.
 
Болалигимда кўчамиздаги бадавлат бир киши ўғлига тойчоқ совға қилди. Бойнинг ўғли унинг устига духоба солиб, кўчанинг у ёнидан бу ёнигача тойни миниб, ҳаммага роса мақтанди. Ўшанда буни кўриб, ҳамма болалар қатори менинг ҳам бойнинг ўғлига ҳавасим келганди. Шунда ундан болаларча беғуборлик билан тойга бир марта ўтириб, уни миниб кўришни сўрадим. Бой ўғли эса устимдан мазаҳ қилиб, миндирмади. Йиғлаб уйга кирсам, бобом, “Нима бўлди, болажоним, нега йиғлаяпсиз?”, деб сўрадилар.
 
Бор гапни бобомга йиғлаб айтиб бердим ва менинг ҳам тойчоғим бўлишини жудаям хоҳлашимни айтдим. Бобом “Шунгаям хафа бўласизми, болам, той бўлса тойда, мен сизга оддий той эмас, соқолли от олиб келаман”, дедиларда, хоналарига кириб кетдилар.
 
Эртаси куни бобомдан “Бобожон, менга соқолли от олиб келаман дегандингиз, қани у?”, деб сўрадим. Бобом эса “Вой болам, ёдимдан кўтарилибди сиз айвоннинг четига бориб туринг, мен ҳозир сизга соқолли отни олиб чиқаман”, дедилар.
 
Ичкарига кириб кетган бобом бироздан сўнг, устиларига кимҳоб ёпинчиқни ёпиб, отлардек кишнаб чиқдилар.
 
“Мана, болам, устимга мининг, соқолли от ҳузурингизда муҳайё”, деб мени устиларига миндириб, айвоннинг у бошидан бу бошигача олиб бориб, роса мазза қилдириб ўйнатдилар.
 
Ўша куни кўчага чиқиб, дўстларимга бобомнинг менга соқолли от олиб келганларини, уни роса мазза қилиб минганимни айтиб мақтандим. Болаларнинг  ҳам менга ҳаваси келди ва менинг соқолли отимни миниб кўришни илтимос қилишди. Уйга югуриб кириб, бобомга дўстларимнинг  ҳам соқолли отни минишни истаётганликларини айтдим.
 
Бобом эса соқолли отни миниш истагидаги барча болаларни олиб киришимни айтди. Дўстларимни бошлаб кирдим ва ўша куни кечгача бобом биз учун соқолли от бўлиб, барча болаларнинг кайфиятини кўтарди.
 
Отахон, қабристондаги юзлаб қабрлар ичида мен бағримга босиб йиғлайдиган, тинимсиз тиловат қиладиган бу қабрда меҳрибон, доно, кўнгли болаларникидек беғубор бобом ётибдилар. Шу сабабли, ҳар жума уларни хотирлаш учун шу ерга келаман”, деган экан.
 
“Қиссадан ҳисса шуки, инсоннинг қилган яхши иши, яхшилиги у дунёю бу дунё эсдан чиқмайди! Азизлар қўлимиздан келганча, барчага яхшилик қилайлик. Яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, ёмонлик қилмайлик”, деб ёзади актриса.
 
Шу билан бирга, у ривоят сўнггида отаси Лутфулла Саъдуллаевнинг суратини жойлаштириб, айнан отасига миннатдорчилик билдирган.
 
“Фотода додажонимиз – соқолли от ва Саъдия! Бахтимизга адажонимизнинг умрлари узоқ бўлсин”, дейди Саъдуллаева.
 
Маълумот учун, актриса 2014 йилда турмушга чиққан. Унинг Саъдия исмли қизи бор. 
Умида Якубова

Теглар:Муқаддас Саъдуллаева Лутфулла Саъдуллаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!