Сирдарёдаги тошқинни муҳокама қилиш учун Қозоғистондан махсус гуруҳ келяпти

Жамият

image

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев Мақтаорол туманидаги сув тошқинини муҳокама қилиш учун Сирдарё вилоятига йўл олди. Бу ҳақда zakon.kz хабар берди.

Ишчи гуруҳи Ўзбекистонда тегишли вазирликлар билан учрашувлар ўтказади.

“Махсус гуруҳ Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Сирдарё вилояти раҳбарияти билан музокаралар ўтказади. Умуман олганда, ушбу ҳолат ҳар икки мамлакат ҳукумати билан биргаликда муҳокама қилинади ва ҳал этилади. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳудудга 300 миллион кубометр сув кириб келган.

Бундай йирик ҳажм биринчи марта қайд этилмоқда. Ҳозирча ҳеч қандай хавф йўқ, деб айтишга жуда эрта. Ўзбекистон томонидан сув оқими ҳали қайси йўналишда келиши номаълум, чунки қўшни давлат билан ҳозирги вазият ҳақида маълумот алмашиш тизимлаштирилмаган”, деб таъкидлаган Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов.

Шунингдек, хабарда айтилишича, айни пайтда ҳудуддаги Фирдавсий қишлоғи тўлиқ сув остида қолган, Мирзакент қишлоғини тўлиқ сув босмаслиги учун тўғон қурилмоқда. Бундан ташқари, Мақтаорол туманида сув тошқини юз бериши мумкин бўлган яна 7 та аҳоли пункти аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 1 май куни тонгда Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юз берган, 2 май ҳолатига кўра, 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган, камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатларини ДХХ олиб бориши белгиланган.

Сув тошқини оқибатида Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаорол тумани ҳудудида техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қозоғистон Сардоба сув омбори тошқин

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг