Мансабдорлар фуқароларни пахта теримига жалб қилиши сиёсатга зид – Бобур Бекмуродов

Жамият

image

Пахта йиғим-терими давом этаётган ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида одамларни ноқонуний тарзда пахта теримига жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда ва бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўляпти. Вазиятга муносабат билдирганлар орасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ҳам бор. У ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бундай ҳолатлар бугунги Ўзбекистоннинг прогрессив сиёсатига зид эканини билдирди. 

“Алоҳида мансабдор шахслар ва айрим ҳокимлар томонидан одамларни оммавий равишда пахта йиғим-теримига жалб қилиш ҳаракатлари бугунги Ўзбекистоннинг прогрессив сиёсатига зид. Бундай ҳаракатларга тўлақонли барҳам бериш, эскича бошқарув ёндашувларидан батамом воз кечиш зарур”, дейди Бобур Бекмуродов.

Депутатнинг фикрича, мамлакатда пахта саноатининг муҳим ўрнини инобатга олган ҳолда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тегишли идоралар кластерлар ва фермерлар ўртасидаги қиймат ва фойда занжирларини қайта кўриб чиқиши лозим. 

“Кластерлар ижтимоий масъулиятли бизнес қоидаларига риоя қилиши, фермерлар билан ўзаро муносабатларда ижтимоий манфаатларни инобатга олишлари шарт”, дея таъкидлайди Бекмуродов.

Шунингдек, у Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларидаги ислоҳотлар туфайли ҳар мавсумда 6-7 миллион киши, шу жумладан, аёллар, болалар, талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатига барҳам берилганини қўшимча қилган.

“Қисқа давр ичида Ўзбекистон ўнлаб халқаро ташкилотлар ва ҳукуматларнинг мазкур йўналишдаги “қора рўйхатлари”дан чиқарилди, бойкотлар бекор бўлди. Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, 300 дан зиёд мансабдорлар жавобгарликка тортилди”, деган Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, унда Ўзбекистон халқи пахта қуллигидан буткул озод бўлганини қайд этган эди. Ижтимоий тармоқларда эса ўқувчиларни пахта теримига жалб қилиш ҳолати тасвирланган расмлар ва хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муносабат билдириб, тасвирлардаги болалар қайси мактабларда ўқишини аниқлаш ўрнига, улар Қашқадарё вилоятидаги 7-, 38-, 48-ва 54-сонли мактабларда ўқимаслигини маълум қилди. Кейинчалик, Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари якшанба, дам олиш куни прокурор топшириғи билан пахта даласига юборилгани ва қайтишда “авария”га учрагани ҳақида хабарлар тарқалди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пахта Бобур Бекмуродов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг