Қозоғистон ИИВ “Слово пацана” сериалини тақиқламоқчи

Маданият-санъат

image

Қозоғистонда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва ёшлар орасида оммалашаётган “Слово пацана. Кровь на асфальте” сериали устидан ёшлар онгига салбий таъсири учун текширув бошланди. Бу ҳақда "Tengrinews" маҳаллий нашри хабар берди.  

Гап шундаки, Марказий статистика қўмитасининг брифингида журналистлар Ички ишлар вазирлигига рус сериалларининг қозоғистонлик ёшлар учун зарари ҳақидаги савол билан юзланган. Шунингдек, улар "Ушбу сериал мамлакатда тақиқланиши мумкинми", дея савол берган.

Қўмитага кўра, шундан сўнг ИИВ ушбу сериалнинг қонунийлигини таҳлил қилиш талаби билан Маданият ва ахборот вазирлигига хат жўнатган. Агар департамент фильмни хавфли, деб ҳисобласа, “Слово пацана. Кровь на асфальте” Қозоғистонда тақиқланиши мумкин.

“Маданият ва ахборот вазирлиги онлайн-платформаларни мониторинг қилиш бўйича ваколатли органдир. Қонунга кўра, ноқонуний контент конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга чақириш, фуқароларнинг яхлитлигини бузиш, давлат хавфсизлигига путур етказувчи, уруш тарғиботи, ижтимоий, ирқий, миллий, диний, синфий, уруғ-аймоқчилик, шафқатсизлик ва зўравонлик маданияти, ўз жонига қасд қилиш ва порнография, гиёҳвандликни тарғиб қилса, Маданият вазирлиги ушбу сериални зарарли деб топади. Бундай ҳолатда тегишли чоралар кўрилади”, дейди ИИВ Маъмурий полиция қўмитаси раиси ўринбосари Ренат Зулхаиров.

Маълумот учун, сериал воқеалари ўтган асрнинг 80-йилларида Қозонда содир бўлади. Зиёли оиладан бўлган 14 ёшли Андрей "Универсам" ўсмирлар тўдасининг аъзосига айланади. Сериалнинг катта шов-шувга эришишига ижтимоий тармоқларда унинг саундтрек ва видео парчалари тарқалаётгани ҳам сабаб бўлди. “Аигел” дуэти ижросидаги саундтрек ижтимоий тармоқлар ва Shazam платформасида асосий ўринларни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ экранларга чиқиши билан шов-шувга эришган "Barbie" фильми дунё бўйлаб бир нечта давлатда тақиқланди. Хусусан, даставвал  Вьетнам, кейин Қувайт, ундан сўнг эса Жазоир ва Россия фильмга чекловларни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон ИИВ Слово пацана

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг