Исроил Эронга ҳужум қилди

Олам

image

Бугун, 19 апрель куни эрталаб Исроил Эрондаги объектга ракета ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда америкалик мулозимга таяниб, ABC телеканали хабар берди. 

Орадан бироз вақт ўтгач, “Fars” агентлиги Эроннинг Исфаҳон вилоятида портлашлар содир бўлганини хабар қилди. Қайд этилишича, шимоли-ғарбий Исфаҳон вилоятидаги ҳарбий база яқинида учта портлаш содир бўлган.

CNN америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Исроил Эрондаги ядровий иншоотларга ҳужум қилмайди. “Tasnim” агентлиги ҳам манбаларга таяниб, Исфаҳон вилоятидаги ядро иншоотлари бутунлай хавфсиз эканини хабар қилди.

Эҳтимолий зарба ҳақидаги хабарлар туфайли Эрон ҳаво ҳудудидаги камида саккизта рейс бошқа жойга йўналтирилди. Теҳрон аэропортида Тошкент вақти билан соат 08:00 гача халқаро рейслар бекор қилинди. Эрон баъзи шаҳарлар устида парвозларни тўхтатди. 

IRNA ахборот агентлиги Эроннинг бир қанча вилоятларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг ишга тушганини хабар қилди.

“Кеча, 18 апрель куни Исроил АҚШни Эронга яқин 24-48 соат ичида зарба бериш нияти борлиги ҳақида огоҳлантирди”, деб ёзди “Bloomberg”.

“АҚШ Исроилнинг Эронга ҳужумида иштирок этмади, бироқ бу ҳақда огоҳлантирилди”, деб хабар берди NBC.

CNN америкалик мулозимга таяниб, Қўшма Штатлар яҳудий давлатининг жавоб ҳужумини қўллаб-қувватламаганини хабар қилди.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made