Ариповнинг Асадов билан учрашувида Ислом Каримов эсланди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди. У бугун, 19 июль куни мамлакат Бош вазири Али Асадов билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов тилга олинган. Бу ҳақда Озарбайжон Ҳукумати сайтида хабар берилди. 

Қайд этилишича, дастлаб ҳукумат раҳбарларининг яккама-якка музокаралари бўлиб, унда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилган. Кейин Бош вазирлар икки мамлакат делегациялари иштирокидаги учрашувни давом эттирган. 

Икки давлат ўртасидаги муносабатларга озарбайжон халқи миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асос солгани урғуланган. 

Асадов Ариповга Ўзбекистонда Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар юксак даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирган. 

Бугун эса Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати билан Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётган стратегик шериклик даражасига кўтарилгани айтилган. Давлат раҳбарлари ўртасидаги шахсий ишончли муносабатлар ва доимий алоқалар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўз борган. 

“Бу борада ўтган йил жуда самарали бўлди. Озарбайжон Президенти Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрди. Давлат ташрифи муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланиши билан белгиланди. Давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш декларацияси муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди”, деган Асадов. 

Айни пайтда Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифига ҳукуматлар орқали қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 

Учрашувда Озарбайжон томонидан ишғолдан озод қилинган ҳудудларни тиклаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишғолдан озод этилган Фузули шаҳрида 960 ўринли мактаб қурилаётгани учун миннатдорлик билдирилган. 

Томонлар 18 июль куни Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия йиғилиши муҳимлигини билдирган. Учрашув якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар Озарбайжон-Ўзбекистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилган. 

Ҳукумат раислари сармоявий ҳамкорликнинг яхши динамикасини қайд этиб, кеча Шуша шаҳрида Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция жамғармаси ташкил этилиши муносабати билан таъсис ҳужжатлари имзоланганининг аҳамияти ҳақида сўз очган. Қўшма Инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча рағбат сифатида баҳоланган. 

Улар транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини ижобий баҳолаган. Ўтган йили икки давлат ўртасида юк ташишнинг умумий ҳажми 65 фоиздан ортиққа ошган. Транскаспий халқаро транспорт йўлининг (Ўрта йўлак) аҳамияти алоҳида урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ташриф доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Озарбайжон Абдулла Арипов Али Асадов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made