Коронавирусга чалинган икки ҳайдовчи эътиборсизлиги сабаб 100 га яқин одам карантинга олинди

Жамият

image

Россиядан келган юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари коронавирусга чалинганига қарамай карантин қоидаларини қўпол равишда бузган. Натижада, 100 нафарга яқин одам карантинга олинган. Бу ҳақда бугун, 27 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ўрнатилган тартиб бўйича постдаги СЭОМ ходимлари томонидан ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ. да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган.

Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаролар 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, қўшнилари ва бошқа кўплаб инсонларнинг коронавирусда гумонланиб карантинга олинишига, уларнинг соғлигини хавф остига қўйилишига сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор барчанинг уй карантини қоидаларига қатъий амал қилишини, жамоат жойларида бўлганда ёки коронавирус инфекцияси аломатларини ўзида сезганда дарҳол ўзини яккалаб, шифокорга мурожаат қилишини сўраган. Шунингдек, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, сабабсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини тавсия қилади.

Эслатиб ўтамиз, Избоскан туманида аҳоли орасида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу хабар юқоридаги ҳолатга алоқадор эканлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Шунингдек, 26 май куни ушбу туманда карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб оммавий тадбир уюштирилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг