Зилзила ҳақида ваҳима тарқатган TikTok “мунажжими” ҳибсга олинди
Олам
−
26 Апрель
5137Мьянмада ижтимоий тармоқларда мамлакатга яна зилзила яқинлашиб келаётган ҳақида хабар тарқатиб, машҳур бўлган блогер Жон Мо Те қўлга олинди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Маълум қилинишича, у гўёки бутун мамлакат бўйлаб содир бўлиши керак бўлган кучли зилзилани башорат қилган. Унинг одамларни баланд бинолардан узоқроқ ва ҳар доим керакли буюмларни ёнида олиб юришга чақирган видеоси аҳоли ўртасида ваҳима тўлқинини келтириб чиқарган. У мамлакатда содир бўлган кучли зилзиладан кейин яна зилзилалар содир бўлиши ҳақида хабарлар тарқатган.
Мьянма ҳарбий ҳукумати баёнотида айтилишича, блогер ёлғон маълумот тарқатган ва бу иши учун унга нисбатан “қонунга мувофиқ самарали чоралар кўрилади”. Расмийлар, шунингдек, сохта янгиликларни яратиш ёки тарқатишда иштирок этган ҳар бир кишини шунга ўхшаш жазолар кутаётгани ҳақида огоҳлантирган. Қўлга олинганидан кейин “мунажжим”нинг TikTokʼдаги аккаунти ўчириб ташланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни Мьянмада кучли зилзила юз берганди. АҚШ геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзиланинг магнитудаси 7,7 ни ташкил қилган. 7,7 магнитудали дастлабки зилзиладан сўнг, 6,4 магнитудали кучли такрорий силкиниш ҳам қайд этилган. Шундан кейин Мьянма фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Тез орада Таиланд пойтахти Бангкок ҳам фавқулодда зона деб эълон қилинди. Сейсмик хизматлар маълумотига кўра, Жануби-Шарқий Осиёда биринчи кучли зилзиладан сўнг 37 та такрорий силкиниш қайд этилган.
30 март куни Мьянма расмийлари 1644 киши ҳалок бўлгани, 3408 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган эди. Кейинчалик қурбонлар сони 2719 кишига етди, яна 4512 киши жароҳат олди.
Мьянма Бош вазири Мин Аунг Хлайн вайронкор зилзиладан сўнг мамлакатда миллий мотам эълон қилди.
LiveБарчаси