Жуда оғир йилларда яшаяпмиз – Президент ҳокимларга тадбиркорликнинг аҳволини кўрсатиб ўтди
Жамият
−
08 Апрель 2021
8529Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ўтган йили кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилди. Натижада, пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил топган. Тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсган.
Йиғилишда айрим ҳудуд ва сектор раҳбарлари яратилган бу имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаётгани қайд этилган.
“Жуда оғир йилларда яшаяпмиз. Ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш керак. Тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорларни кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджет кўпаймайди-ку. Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди”, дейди давлат раҳбари.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарларига ўз ҳудудида тадбиркорликнинг аҳволи кўрсатиб ўтилган.
Мутасаддилардан қайси ҳудудда қайси тадбиркорлик йўналишлари ривожлантирилиб, нечта янги лойиҳа амалга оширилиши, қанча иш ўрни яратилиб, қанча аҳоли иш билан таъминланиши бўйича сўров бўлган.
Айтиб ўтилишича, ривожланишдан ортда қолган 33 та тумандан 28 тасида кескин ўзгариш бўлган. Бу туманларда 2 мингта янги лойиҳа бажарилиб, 25 мингта янги иш ўрни яратилган.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига шу тажриба асосида, ҳар бир маҳалланинг ривожланиш дастурини ишлаб чиқиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаш, ижросини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Тадбиркорлик учун ер ва бинолар ажратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Давлат раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш учун уларга ўзи яшайдиган маҳаллада шароит яратиб бериш зарурлигини таъкидлаган.
Мутасадди ташкилотларга енгил конструкцияли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, уларни аукцион орқали жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларининг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий кенгашларга бериш таклифи билдирилган. Бундан ташқари, унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш мумкинлиги айтилган.
Қайд этилишича, бизнес барқарорлиги учун инфратузилма сув ва ҳаводек зарур. Лекин жойларда бу борада камчиликлар борлиги тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлмоқда.
Жумладан, инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти.
Яна бир мисол – электр қуввати паст бўлгани боис, Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар йўқотилмоқда.
Маълум қилинишича, саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга жорий йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда. Бунинг эвазига йил якунига қадар 168 та саноат зонаси 468 километр электр энергияси, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминланади.
Бизнес-омбудсманга жойларга чиқиб, тадбиркорларнинг инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини ўрганиб бориш ва уларни ҳал этиш бўйича Бош вазирга таклифлар киритиш топширилган.
Шунингдек, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Пандемия даврида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 1 триллион сўм ажратилган эди. Бунинг ҳисобидан 20 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Шу боис, Марказий банкка жорий йилда оилавий тадбиркорлик учун ажратилаётган маблағларнинг камида 1 триллион сўмини хизмат кўрсатиш соҳасидаги янги лойиҳаларга йўналтириш бўйича кўрсатма берилган.
Шунингдек, компенсация бериладиган кредитлар фоизи миқдори Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан 1,75 бараваригача оширилиши белгиланган.
Жорий йилда тадбиркорларга айланма маблағлар учун камида 40 триллион сўм кредит, бундан ташқари, Экспортни рағбатлантириш агентлигининг 1 триллион сўми ҳисобидан экспортёрларга “револьвер” кредитлар ажратиш муҳимлиги айтилган.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида уч йил давомида солиқларни ўз вақтида тўлаган интизомли тадбиркорларга солиқларнинг 50 фоизини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш тартиби ишлаб чиқилади.
Шунингдек, экспортнинг валютаси чет элдан ўз вақтида келиб тушмагани учун жарима миқдорини 2 бараварга қисқартириш, мажбурий ижро орқали ундириладиган қарздорликни бюджет ва тадбиркорлар фойдасига тенг тақсимлаш бўйича топшириқлар берилган.
Давлат харидлари кичик ва ўрта бизнес учун катта имконият экани, ҳокимлар тадбиркорларни ушбу жараёнга янада фаол жалб қилиб, уларнинг давлат харидларидаги улушини камида 2 бараварга ошириши зарурлиги таъкидланган.
Тадбиркорлик ривожи бандлик масаласи билан боғлиқ. Жорий йилда бандлик дастури асосида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган.
Хусусан, кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳамда янги якка тадбиркорлар фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 210 мингта, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари ҳисобига 248 мингта янги иш ўрни очиш мўлжалланган.
Бундан ташқари, 40 минг нафар ишсизларга ўзини ўзи банд этиши учун 92 миллиард сўм субсидия ажратилиши белгиланган.
Йиғилишда бу масаланинг долзарблигига яна бир бор аҳамият қаратилиб, мутасаддиларга қатор топшириқлар берилган.
Жорий йил биринчи чорагида 36 триллион сўм бюджет тушуми таъминланиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 1,6 триллион сўм қолдирилгани қайд этилди. Бор манбаларни кенгайтириб ва қўшимча захираларни таҳлил қилиб, бундан буён ҳам тушумларни кафолатли таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.
Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган, тадбиркорлар билан ишлашга етарлича эътибор бермаган ҳокимлар ва сектор раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар белгиланган.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь