Икки ўн беш – бир ўттиз! Жиззах ҳокимлиги Ҳукумат қарорини тушунмай, хом-хатала раддия берди

Жамият 13475
image

Яқинда QALAMPIR.UZ сайтида “Жаноб Солиев ва унинг ҳокимиятига 27 автомобиль камлик қилмаяптими?” номли мақола эълон қилинган эди. Унда Жиззах вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда меҳмонлар учун 9 та автомбилга эгалик қилиб ўтиргани танқид остига олинган.

Жиззах вилоят ҳокимлиги мақолада келтирилган далилларга муносабат билдириб, автомобиллар белгиланган меъёрдан ошиб кетмаганини даъво қилди. Расмий муносабатда ёзилишича, меҳмонларга аталган машиналар сони 9 та эмас, 4 та. Бу ҳақда мақола чиққанидан кейин ҳокимлик расмий сайтига жойланган (аслида, шунчаки алмаштириб қўйилган) 2021-2022 йилги маълумотларда кўрсатиб ўтилган. 2021-2022 йилги ҳисоботнинг олдинги (биз фойдаланган) нусхасида 9 та автомобиль меҳмонлар учун, 3 таси навбатчилик учун ажратилгани аниқ қилиб ёзиб қўйилган (ҳужжат таҳририятда мавжуд).

Ҳокимлик ахборот хизмати мақолага ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг 258-сон қароридаги бандга ҳам тушунмаган шекил. Акс ҳолда янги ҳисоботда 4 та машина меҳмонлар учун ва яна 5 та автомобиль расмий делегацияларни қабул қилиш учун ажратилганини ёзмаган бўлармиди. Негаки, Ҳукумат қарорида делегация учун алоҳида, меҳмонлар учун алоҳида 5 тадан машина ажратиш эмас, ҳар иккаласига хизмат кўрсатиш мақсадида фақат 5 тагача автотранспорт воситаси сақлаш учун лимит белгиланган. Икки ўн беш – бир ўттиз!

Намуна сифатида аҳоли сони Жиззах вилоятига қараганда икки баробар катта бўлган Тошкент вилоят ҳокимлиги тасарруфидаги меҳмон ва делегацияларга мўлжалланган автомобиллар сонини кўрсатиш мумкин. 

Шунингдек, расмий муносабатда 3 та автомашинанинг яроқлилик муддати тугагани айтилган. Агар автомобиль Жиззах вилояти ҳокимлиги айтаётгандек фойдаланишга яроқсиз бўлса, нега ҳалигача давлат рўйхатидан чиқарилмаган? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2017 йилдаги 683-сон “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан автотранспорт воситаси кейинги фойдаланувга яроқсиз деб ҳисобланганда ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органининг ҳисобидан чиқарилиши керак. Кейинги фойдаланувга яроқсиз деб ҳисобланган автомототранспорт воситаси ҳисобдан чиқарилганда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома ва ушбу автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари олиб қўйилиши керак эди. Бироқ, ҳокимликнинг асл ҳисоботида ҳам, алмашган ҳисоботида ҳам давлат рақамлари олинмаганининг гувоҳи бўлиш мумкин. 

Эски автомобилни давлат балансига қайтармай, ҳокимлик балансида сақлашдан нима наф? Ёки Mercades’лар ҳали ҳам кимнингдир кунига яраяптимикан?

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 281
Рейтинг: 3.1
t
×