Жиноят-процессуал кодексига янги моддалар киритилади
Жамият
−
16 Май 2019
4778Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси жиноий-процессуал кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Қонун билан Жиноий-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилади:
81-модданинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“Бу маълумотлар гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий ва рақамли далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланади”.
87-модданинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“Далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш: гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини, гувоҳни, жабрланувчини, экспертни сўроқ қилиш; юзлаштириш; таниб олиш учун кўрсатиш; кўрсатувни ҳодиса рўй берган жойда текшириш; олиб қўйиш; тинтув; кўздан кечириш; шунингдек, компьютер тармоқларида масофадан эркин уланиш, гувоҳлантириш; мурдани эксгумация қилиш; эксперимент ўтказиш; экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун намуналар олиш; экспертиза ва тафтиш тайинлаш; тақдим этилган ашёлар ва ҳужжатларни қабул қилиш; телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилган сўзлашувларни эшитиш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш йўли билан тўпланади”.
90-модданинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“Баённомаларга: тергов ёки суд ҳаракатининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар, бу шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгани; тергов ёки суд ҳаракатининг ўтказилиш жойи ва вақти, шарт-шароитлари, жараёни ва натижалари, бунда топилган электрон маълумот ва моддий объектлар тавсифи ва уларнинг иш учун аҳамиятли бўлган белгилари; тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси иштирокчилари тасдиқлашни сўраган фактлар; уларнинг юз бераётган ҳодиса сабаблари хусусидаги кўрсатувлари, тушунтиришлари, мулоҳазалари; улар томонидан берилган илтимосномалар, шикоятлар, рад этишлар; тергов ҳаракатини олиб бориш ёки суд муҳокамаси жараёнидаги тартиббузарлик ҳоллари, шунингдек бу тартиббузарликларни бартараф этиш ва олдини олиш учун кўрилган чора-тадбирлар киритилади”.
95-1 модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан ушбу Кодекс нормалари бузилган ҳолда олинган кўрсатувлардан, эксперт хулосасидан, ашёвий далиллардан, электрон маълумотлардан, аудио-, видеоёзувлардан ва бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланади”.
Қуйидаги мазмундаги 140-1-модда билан тўлдирилади:
“140-1 модда. Электрон-техник қурилмаларни, компьютер тармоқларини ва бошқа электрон маълумотлар ташувчиларини кўздан кечириш.
Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассис ёки эксперт иштирокида электрон-техник қурилмани ва бошқа электрон маълумотларни ташувчи воситаларни аниқланган жойида электрон ахборотни сақлаш ва олишнинг самарали воситаларидан фойдаланган ҳолда кўздан кечиради.
Агарда жойида аниқланган электрон-техник қурилма ёки бошқа турдаги элкетрон маълумотлар ташувчиси унинг қисмини ташкил этса ёки бир қисми бўлса, электрон маълумотларни қидириб топиш учун терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассис ёки эксперт иштирокида масофадан туриб компьютер тармоғини кўздан кечириши мумкин.
Агар икки ва ундан ортиқ компьютер тармоқларида қидирилаётган электрон маълумотларнинг бир қисми бўлиши борасида асослар мавжуд бўлса, масофадан туриб кўздан кечириш амалга оширилиши мумкин бўлади.
Электрон-техник қурилмаларини, компьютер тармоқларини ва электрон маълумотларнинг бошқа ташувчиларини кўздан кечириш бошқа электрон-техник воситаларни қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин ва бу жараёнда аниқланган электрон маълумотлар бошқа электрон маълумотларнинг ташувчисига кўчириб олиниши мумкин.
Агар электрон маълумотларни кўчиришнинг иложи бўлмаса ёки бу ҳолат йирик корпоратив компьютер тармоқларининг нормал шароитда фаолият кўрсатишига сезиларли негатив таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, улар тергов ҳаракатини ёзиб олиш амалга оширилаётган қурилма монитори экранидан тасвирни тушириш орқали қайд этилиши мумкин”.
175-моддага учинчи хатбошидан кейин қуйидаги мазмундаги хатбоши киритилади:
“Электрон маълумотлар экспертга электрон-техник қурилмада ёки электрон маълумотларнинг бошқа турдаги ташувчиларида тақдим этилади”.
Қуйидаги мазмундаги 204-1 модда билан тўлдирилади:
“204-1 модда. Электрон далиллар
Дастурий таъминот хусусиятларига қараб электрон-техник қурилма ёки электрон маълумотларнинг бошқа турдаги ташувчиларида автоматлаштирилган ҳолда шакллантириладиган, у ерда мавжуд бўладиган ва сақланадиган, рақамли белгилар ёки сигналлар мажмуаси сифатидаги иш учун аҳамиятли бўлган электрон маълумотлар электрон далиллар ҳисобланади”.
Қуйидаги мазмундаги 205-1 модда билан тўлдирилади:
“205-1 модда. Электрон далилларни қўлга киритиш усуллари
Қўлланилган электрон маълумотларни кўздан кечириш вақтида, шу жумладан масофадан туриб, электрон-техник қурилма, компьютер тармоқлари ёки электрон маълумотларнинг бошқа ташувчиларидан фойдаланган ҳолда электрон далил сифатида қўлга киритилиши мумкин.
Агарда электрон маълумотлар олинаётган электрон-техник қурулмалар ёки электрон маълумотларнинг бошқа турдаги ташувчиларида тўлиқ сақланаётган бўлса, мутахассислар иштиркоисиз олиб қўйилади”.
Қуйидаги мазмундаги 207-1 модда билан тўлдирилади:
“207-1 модда. Электрон маълумотларни электрон далил деб тан олиш ва уни жиноят ишига қўшиш
Электрон маълумотни электрон далил деб тан олиш ва уни жиноий ишига қўшиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса – ажрим чиқаради”.
LiveБарчаси