Жиддада муҳим йиғилиш бошланди. Байден Яқин Шарқ ва Шимолий Африкага 1 миллиард ажратмоқчи

Олам

image

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бугун, 16 июль куни Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг Хавфсизлик ва тараққиёт саммити очилди. Унда Миср, Иордания, Ироқ раҳбарлари ва АҚШ Президенти Жо Байден ҳам иштирок этмоқда. 

“Ал Арабия” телеканали Америка вакилларига таяниб хабар беришича, Вашингтоннинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 1 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қарори муҳокама мавзуларидан бири бўлади. Байден буни расмийлаштириши кутилмоқда. 

Бундан ташқари, у Жиддада муштарак мудофаа қобилияти мавзусини кўтариш ниятида. Аввалроқ АҚШ маъмурияти Саудия Арабистонига ҳужум қуролларини сотишга қўйилган тақиқни бекор қилиш имкониятини муҳокама қилаётгани хабар қилинганди. Қўшма Штатларда ҳужум қуролларини етказиб бериш бўйича муҳокамалар ҳали норасмий ва дастлабки босқичда. 

Саммитнинг асосий мавзуларидан бири энергия хавфсизлиги бўлади. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд саммит очилишида айтганидек, “жаҳон иқтисодиёти энергия нархларининг барқарорлиги билан боғлиқ”. Ар-Риёднинг ишлаб чиқариш қувватини кунига 13 миллион баррелга ошириш қарорини эслатиб, “Биз тоза энергияга сармоя киритишда давом этишимиз керак”, дейди шаҳзода.  

Апрель ойида, бошқа ОПЕК+ давлатларидан фарқли ўлароқ, Саудия Арабистони ишлаб чиқаришни бироз оширди – суткалик 10,4 миллион баррелгача. 

Саммит арафасида Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши вакиллари Жиддада “сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий масалалар бўйича муҳим ҳужжатлар” имзоланиши мумкинлиги ҳақида хабар беришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг