Жапаров Украина масаласида Путинга ёқмайдиган гап айтди

Олам

image

Бугун, 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Россия-Украина уруши бўйича муносабат билдирди. У ўз нутқида Украинада тинчликка эришишга чақирган.

Садир Жапаров саммитда Украинадаги вазият бўйича Қирғизистон томони ҳар қандай можаро музокаралар столида ҳал қилиниши кераклиги тарафдори эканини билдирган.

“Биз бу урушни тугатиш учун ўзаро мақбул ечим излашга ҳисса қўшадиган воситачилик ҳаракатлари ва тинчлик ташаббусларини олқишлаймиз”, деб гап бошлаган Жапаров.

У, шунингдек, бошқа постсовет давлатлари раҳбарларидан фарқли ўлароқ, коса тагида ним косали гап айтиб, бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиниши ва ички ишларига аралашилишини қоралаган. 

“Қирғизистон ҳудудий яхлитлик, суверенитет, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига риоя этилиши тарафдори ҳисобланади", дейди Садир Жапаров.

Шунингдек, Қирғизистон Президенти Афғонистондаги аёлларнинг таълим ва меҳнат ҳуқуқларининг поймол этилиши муаммосидан хавотирда эканини ҳам айтиб ўтган.

“Афғонистондаги амалдаги ҳокимият вакиллари билан икки томонлама мулоқотлар чоғида ва халқаро майдонларда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш доирасида Қирғизистон Республикаси афғон аёлларининг таълим олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини, шу жумладан, диний тушунчага асосланганлигини қайд этади. Шу муносабат билан, биз бу масалага ортиқча босимсиз, балки Афғонистоннинг янги ҳокимияти билан конструктив мулоқот орқали ҳал қилиш йўли билан ёндашиш зарур, деб ҳисоблаймиз”, дейди Президент.

Жапаров Афғонистон масаласи гуманитар жиҳатдан алоҳида эътиборни талаб қилишини ва шу муносабат билан халқаро ҳамжамиятнинг инсонпарварлик миссиясини давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган. 

Маълумот учун, бугун, 2 июнь куни Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Бош вазири ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг