Жапаров Раҳмон билан чегара масаласини муҳокама қилди
Олам
−
13 Октябрь 2023 4224 2 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкекда тожикистонлик мавқедоши Имомали Раҳмон билан икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Мамлакатлар раҳбарлари қирғиз-тожик икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, кенг кўламли мавзуларни, жумладан, қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Жапаров ва Раҳмон “минтақавий ва халқаро кун тартиби” ҳамда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши юзасидан фикр алмашган.
“Давлат раҳбарлари икки мамлакат ва халқлар ўртасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича очиқ ва пухта суҳбатга тайёр эканини билдирди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йилнинг декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш) бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган участкалар баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал этмаслик икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, шу жумладан ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга бир неча бор сабаб бўлган. Икки давлат вакиллари ўртасида чегарани делимитация қилиш бўйича сўнгги учрашув октябрь ойи бошида бўлиб ўтган, ўшанда ҳукумат делегациялари чегаранинг 43 км дан ортиқ қисмини келишиб, протокол имзолаган эди.
Live
Барчаси