Жанубий Корея тинмай ракета учираётган КХДРни жазолади
Олам
−
14 Октябрь 2022 17204 2 дақиқа
Жанубий Корея баллистик ракета учирилишининг кучайиши муносабати билан Шимолий Кореянинг 15 нафар фуқароси ва 16 та муассасасига бир томонлама санкциялар киритди. Бу ҳақда Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Биз Шимолий Кореянинг мисли кўрилмаган частотадаги сўнгги ракета провокацияларини кескин қоралаймиз”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, санкциялар рўйхатидан Корея Халқ Демократик Республикаси ракета дастурига алоқадор юк ташиш фирмалари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари, шунингдек, оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқариш учун материаллар харид қилиш билан шуғулланувчи шахслар ўрин олган.
Вазирликнинг таъкидлашича, Сеул деярли беш йил ичида биринчи марта КХДРга қарши янги санкциялар киритган.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея сентябрь ойи охиридан бери ракета синовларини тез-тез ўтказиб келмоқда. Октябрь ойи бошида КХДР томонидан учирилган баллистик ракета беш йил ичида биринчи марта Япония архипелаги устидан учиб ўтди, бу Токио, Сеул ва жаҳон ҳамжамиятининг бошқа вакилларининг норозилигига сабаб бўлди.
Бунга жавобан АҚШ ва Жанубий Корея “ер-ер” типидаги иккита ракетани учирди. “Yonhap” агентлигининг Жанубий Корея Бош штабига таяниб хабар беришича, Америка ва Жанубий Кореянинг ATACMS ракеталари Япон денгизи томон йўналтирилган. Сеул томонидан отилган ракеталардан бири ҳарбий база ҳудудига тушган.
Live
Барчаси