Жаҳон савдо ташкилотига кириш: Раҳбарият Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини очиқлади

Жамият

image

Кеча, 7 июль куни Женевада видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилик қилди.

Тадбир "гибрид формати"да махсус онлайн платформада ташкил этилган бўлиб, иштирокчи давлатларнинг делегациялари бевосита Ташкилотнинг Женевадаги штаб-квартира биносида, бошқа иштирокчилар эса, жумладан, турли давлатларнинг пойтахтларидан экспертлар – видеоконференцалоқа орқали иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳи раиси, Корея Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили Джи-а Пэк тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон томонидан Ташкилотга кириш ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ўтилган босқичлари билан таништирган.

Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтаи назаридан Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маърузаси тақдим этилган. Ушбу жараённинг қайта тикланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганлиги ва мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши орқали ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланган.

ЖСТ Бош директорининг ўринбосари А.Вулф Ташкилот Котибияти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири мамлакатларга ЖСТга киришда кўмаклашиш эканлигини таъкидлаган ва шу сабабли Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тиклаш тўғрисидаги қарорини олқишлади ва Ташкилот раҳбарияти номидан ушбу ташаббусда барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар, минтақавий ва тематик гуруҳларнинг вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашга қаратилган фикрларини баён қилганлар.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо режими тўғрисида кенгайтирилган Меморандумнинг муҳокамаси бўлиб ўтди ва мамлакат томонидан ташқи савдо соҳасидаги тартибга солишни ЖСТга аъзо давлатлар томонидан тан олинган меъёрлар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар қайд этилган. 

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-чи йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилот Котибиятига зарур ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, аъзо мамлакатларнинг 300 дан ортиқ саволларига жавоблар, савдо соҳасида техник тўсиқлардан фойдаланиш, санитария ва фитосанитария чоралари, божхона баҳолаш бўйича суратли саволларнинг назорат рўйхатлари, импортни лицензиялаш жараёни тўғрисидаги саволнома, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимларининг меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича Режа тақдим этилган.

Тадбир давомида мамлакат томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг батафсил муҳокамаси бўлиб, кўтарилган мавзулар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Музокаралар гуруҳининг тегишли тушунтиришлари берилган.

Йиғилиш якунида жорий йилнинг 20 июлидан 31 июлига қадар товар ва хизматларининг бозорга киришини таъминлаш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар ўтказишга келишиб олинган. Шунингдек, ЖСТга кириш бўйича музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш, хусусан, Ўзбекистон Ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ Маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилган.

Тадбир якунида Ўзбекистон томони йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлиги учун миннатдорчилик билдириб, ушбу йўналишда келгусида конструктив ҳамкорлик қилишга умид билдирган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон савдо ташкилоти

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг