Зеленский Украина қўшинлари Россиянинг яна бир вилоятига кирганини тан олди
Олам
−
08 Апрель
25728Украина Президенти Владимир Зеленский илк бор Украина Қуролли кучлари нафақат Россиянинг Курск вилоятининг бир қисмида, балки қўшни Белгород вилоятида ҳам позицияларни эгаллаб турганини тан олди. бу ҳақда у кеча, 7 апрель куни кечки видеомурожаатида маълум қилди.
“Биз душман ҳудудидаги чегара ҳудудларида фаол амалиётлар олиб бормоқдамиз. Уруш қаердан келган бўлса, ўша жойига қайтиши керак”, дейди Зеленский.
Украина қўшинларининг Белгород вилоятига бостириб киргани ҳақида Россия томонидан расмий тасдиқлов йўқ, бироқ маҳаллий ҳукуматлар Украина чегара ҳудудларини ўққа тутгандан сўнг вазият устидан қисман назоратни йўқотгани айтилмоқда. Бундан ташқари, ўтмишда Украина томонида жанг қилаётган россияликлар минтақага кириб келган.
“Агар Украина қўшинларининг Белгород вилоятида олдинга силжиши тасдиқланса, август ойида Курск вилоятида ўтказилган операциядан сўнг бу Киевнинг навбатдаги муваффақиятли ҳужуми бўлиб, Кремль томонидан яратилган “дахлсизлик” имиджига путур етказади”, дея қайд этади DPA агентлиги.
Зеленскийнинг қайд этишича, Белгород вилоятидаги операциядан мақсад, аввалги Курск вилоятидаги операцияда бўлгани каби, Украина ҳудудларини ҳимоя қилишдир. Хусусан, у Харьков ва Суми вилоятларини тилга олди.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Зеленскийни чегара чизиғи бўйлаб душман ҳудудидаги амалиётлар ҳақида маълум қилди, Украина Президенти эса аскарларга жасорат ва қаршилик кўрсатгани учун миннатдорлик билдириб, Курск вилоятидаги операция Россиянинг фронтнинг бошқа қисмлари, хусусан, Донецк вилоятидаги босимини аллақачон заифлаштирганини таъкидлади.
Украина томони ҳозирча Белгород вилоятидаги ҳужумга расман изоҳ бермади. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумлар қайтарилганини маълум қилди. Шу билан бирга, россияпараст ҳарбий блогерлар Белгород вилоятидаги Демидовка ва Поповка қишлоқлари ҳудудидаги Россия армияси бўлинмалари ва Украина Қуролли кучлари ўртасидаги жанглар ҳақида мунтазам равишда хабар бермоқда.
Қўшни Курск вилоятида Украина кучлари бир неча ой давомида катта ҳудудни назорат қилган, бироқ яқинда Россия қўшинлари босими остида чекинишга мажбур бўлган. Ғарб кузатувчилари Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига бостириб киришини танқид қилмоқда, чунки улар ресурсларни фронтнинг бошқа муҳим ҳудудларидан чалғитади, деб ҳисоблайди.
Владимир Зеленский ўзининг видеомурожаатида Россия армиясининг техника ва логистикасини йўқ қилиш муҳимлигини ҳам таъкидлади. У узоқ масофали учувчисиз самолётлар ёрдамида Россиянинг орқа қисмига янги зарбалар беришини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишда ижобий динамика мавжуд.
“Аниқ рақамларни айта олмайман, лекин бу йил мудофаа кучларимизни зарур ресурслар билан таъминлаймиз”, деб ваъда берди у.
Зеленский бундай дронларни ишлаб чиқаётган компанияларга миннатдорлик билдирди. Йил бошидан буён оптик толали дронларнинг 20 дан ортиқ янги моделлари электрон шовқинларга чидамлилиги сертификатига эга бўлди. Россия ҳам худди шундай дронлардан Украина электрон уруш тизимларини четлаб ўтиш учун фойдаланади.
LiveБарчаси