Зеленский реанимацияга тушгани ҳақидаги хабарларга жавоб берди
Олам
−
21 Июль 2022
20291Украинадаги “TAVR Media” ҳолдингига қарашли радиостанциялар мамлакат Президенти Владимир Зеленский реанимацияда оғир аҳволда ётгани, унинг вазифасини Олий рада спикери Руслан Стефанчук бажараётгани ҳақида хабар берди.
Бироқ, “Халқ хизматчиси” партияси Telegram-каналида Зеленскийнинг реанимацияда эмаслиги, ўз оффисида ишлаётганини айтган видеомурожаати эълон қилинди.
“Мен офисдаман. Мен ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек кучли ҳис қилмаганман. Бундай сохта нарсалар тарқатувчилар учун ёмон хабар: мен ёлғиз эмасман. Биз 40 миллионтамиз. Кексаларга ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтаман: 44 ёш 70 ёш дегани эмас”, дейди у ўз мурожаатида.
Украина Давлат махсус алоқа хизмати маълумотларига кўра, номаълум хакерлар “TAVR Media” радиостанциялари серверларига ҳужум қилган ва Украинанинг “Мелодия FM” радиосига бузиб кириб, Зеленский ўта оғир аҳволда реанимацияда оғир аҳволда ётгани, унинг вазифасини Олий рада спикери Руслан Стефанчук бажараётгани ҳақида хабар тарқатган.
“Украина Президентининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади ҳолдингнинг Facebook саҳифасидаги изоҳида.
Бундан ташқари, Украина Президенти матбуот котиби Сергей Никифоров ҳам ОАВда Президентнинг шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Маълумот учун, Зеленский 25 январь куни 44 ёшни қарши олди, Владимир Путин эса 7 октябрь куни 70 ёшга тўлади.