Зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга нуқта қўйилмоқчи

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 14 март куни иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент Матбуот хизматига кўра, мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида давлат корхоналари трансформация қилинмоқда. Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Жумладан, 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилган. Ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш кераклиги айтилган.

Транспорт соҳасидаги ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилган. Транзит йўловчилар оқимини ошириш, чартер парвозларга рухсат бериш тизимини соддалаштириш, маҳаллий аэропортларни минтақавий транзит хабига айлантириш чоралари белгиланган. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси эркин рақобат шароитида ишлаш учун замонавий ёндашувларни жорий қилиши, авиачипталар нархининг ошишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланган. 

Шунингдек, йиғилишда иқтисодиётда жорий йилнинг биринчи чораги якунида кутилаётган натижалар таҳлил қилинган. Янги корхоналарни фойдаланишга топшириб, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига иқтисодий асосланмаган лойиҳаларнинг илгари сурилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган. Мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилган. 

Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, ташқи бозордаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб, транспорт ва логистика масалаларини ҳал этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, маҳсулотларни янги бозорларга чиқариш бўйича топшириқлар берилган. 

Вилоят ҳокимлари озиқ-овқат хавфсизлигини ва бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича вазифалар ижроси тўғрисида ахборот берган. 

Жумладан, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилиган. Мазкур ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги экспорт йўналишларини очиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан вилоят ҳокимларининг ҳисоботи эшитилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made