Юридик кадрлар бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди

Жамият 13745
image
-

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Huquqiy axborot” канали хабар берди.

Қарор билан Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига қўшимча вазифалар юклатилди.

Марказ, жумладан:

халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлайди;
низоларни судгача муқобил ҳал қилиш механизми сифатида медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлайди.

Қарорга кўра, 2030 йил 1 январдан халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади. 

Шунингдек, курсларни муваффақиятли тугатиб, диплом олган шахслар давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати билан бир қаторда ФҲДЁ органларида ишлаши мумкин. 

Қарорга мувофиқ, Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Унга кўра, касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш масофавий таълим шаклида давлат ва рус тилларида амалга оширилади.

Курсларда ўқиш харажатлари ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади ҳамда шартномага мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Мазкур курсларда ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди. 

Олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрлар курсларга қабул қилинмайди.

Курсларда ўқув жараёни 18 ҳафтани ташкил этади.

Курсларни муваффақиятли тугатган тингловчилар – халқ таълими тизими педагог кадрлари беш йил давомида, ўрта махсус ва профессионал таълим тизими педагог кадрлари уч йил давомида белгиланган даврийликка мувофиқ малака оширишдан озод этилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 282
Рейтинг: 3.1
t
×