Йил бошидан буён 70 дан ортиқ журналист ўлдирилди
Олам
−
03 Ноябрь 2022
4940Йил бошидан буён дунё бўйича 70 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари ўлдирилган бўлиб, уларнинг аксарият қисми иш вақтидан ташқари пайтларда ҳужумга учраган. Бу ҳақда ЮНEСКО ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботда ёзилишича, 2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда жами 1200 дан ортиқ журналист янгиликлар тарқатгани ва жамоатчиликка маълумот етказгани учун ўлдирилган. Ҳатто бир нечта журналистларни уларнинг оила аъзолари кўз ўнгида ўлдирганлар ҳам бор.
“Ачинарлиси, ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотиллар жазосиз қолмоқда. Аксарият жиноятлар очилмаяпти ҳам. Шунингдек, бутун дунёда кўплаб журналистлар қамоққа олинган”, дейилган ЮНЕСКО ҳисоботида.
Тадқиқотчилар бутун дунё бўйлаб журналистлар ҳар куни ўз ишларини бажариш – янгиликларни излаб топиш ва маълумотни оммага етказиш учун жиддий хавф ва таҳдидларга дуч келишини айтиб, ўз фикрларини БМТ фикрлари билан тўлдирган.
“Бирлашган миллатлар ташкилоти журналистларга нисбатан нафрат уйғотиш ОАВ фаолиятининг бузилишига олиб келиши, уларни ўз ишларини бажаришларига имкон бериш ва ҳимоя қилиш учун етарли чораларини кўришга чақирган”, дея келтирилади ҳисоботда.
Шунингдек, ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ўлимга олиб келадиган ҳужумлар қурбонлари орасида журналист аёллар нисбатан кам бўлса-да, гендерга асосланган таҳдидлар ва таъқиблар нишонига айнан аёл журналистлар кўпроқ олинади.
“2021 йилда ўлдириб кетилган журналистлар орасида аёл журналистларнинг сони эркак журналистларга қараганда икки баравар кўп. Агар 2020 йилда дунё бўйлаб ўлдириб кетилган одамларнинг 6 фоизини журналистлар ташкил этган бўлса, 2021-2022 йилда бу кўрсаткич нақ 11 фоизни ташкил этмоқда”, дея келтирилган ЮНЕСКО маълумотида.
Шаҳбоз Абдусатторов
LiveБарчаси