ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Мирзиёев қабулида бўлди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 октябрь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалани қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда, экология, таълим ва туризм йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг дастур ва лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув аввалида ЕИ махсус вакили Ўзбекистондаги демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни янада чуқурлаштиришга қаратилган, ортга қайтмайдиган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари дастури Европа Иттифоқида юксак баҳоланаётгани, унинг давом эттирилиши изчил қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаган. 

Кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган икки томонлама муносабатлар кўп қиррали ва жадал тус олгани мамнуният билан таъкидланган.

“ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилингани, Ўзбекистонга “GSP+” тизимининг бенефициари мақоми берилгани ҳамда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномаси дастлабки тарзда имзолангани бунинг далолатидир.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Биргина жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо 15 фоизга ўсди. Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕИ мамлакатларига экспорти ҳажми 70 фоизга кўпайди. Ўзбекистондаги қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 1 мингдан ошди.

Европалик инвесторлар иштирокида энергетика ва автомобилсозлик каби юқори технологик тармоқларда, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади Президент Администрацияси томонидан тарқатилган хабарда.

Суҳбат чоғида барқарор тараққиётга, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлиги қайд этилган.

Транспорт, инновация, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш, инклюзив таълим устувор соҳалар сифатида белгиланган.

Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи Терхи Хакала

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг