Янги Қорақалпоғистонни кўриб, ўзим учун катта куч-қувват оламан – Мирзиёев
Жамият
−
21 Сентябрь 2021
11722Бугун, 21 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида ўтаётган Ёшлар фестивалига ташриф буюрди.
“Ҳозиргина Бўзатов туманидан қайтишда ёшлар фестивали ўтказилаётганидан хабар топиб, сизлар билан учрашишга қарор қилдим. Чунки мен қаерга борсам, албатта ёшлар билан мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Сизларнинг кўзингизда, билимингизда, эрганги кунга ишончингизда Янги Ўзбекистонни, Янги Қорақалпоғистонни кўриб, ўзим учун катта куч-қувват оламан”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида Қорақалпоғистонда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Шаҳар ва туманларда 14 та янги мактаб барпо этилди, 4 та янги олийгоҳ ташкил этилди.
“Мен ҳар доим ёшлар, таълим, билим-билим деб таъкидлайман. Билим “ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди”. Қанча кўп билим эгаласак, келажак бизники. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратамиз деб ўзимизга ғоя олганмиз. Бу пойдеворни ким яратади? Фақат билимли ёшлар”, дейди Президент.
Ёшларга кенг имконият яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан, 55 та янги мактаб, 187 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қурилиб, 135 та мактаб капитал таъмирланиши айтилди.
Президент келгуси беш йилда олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилиши, бунинг учун Қорақалпоғистонда мамлакат ва хорижий университетларнинг 6 та нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилишини таъкидлади.
Шунингдек, келгуси беш йилда ҳар бир шаҳар ва тумандаги Ёшлар марказлари ва умумтаълим мактабларида 100 мингдан зиёд ёшлар чет тиллари ва Ай-Ти технологияларига ўқитилади. Қўшимча 6 минг ўринли янги ётоқхоналар қуриб битказилади.
Ёшлар Президент ташрифини олқишлар билан қўллаб-қувватлади.
LiveБарчаси