Вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқарди, вазирлар ваколати кенгайди
Жамият
−
24 Декабрь 2022
19301Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи доирасида 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш бўйича таклифи маъқулланмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 23 декабрь куни имзоланган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Вазирлар Маҳкамаси тизимини қуйидаги вазирликлар ташкил этилмоқда:
• Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
• Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
• Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
• Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
• Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
• Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
• Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
• Табиат ресурслари вазирлиги;
• Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
• Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
• Сув хўжалиги вазирлиги;
• Рақамли технологиялар вазирлиги;
• Адлия вазирлиги;
• Транспорт вазирлиги;
• Маданият ва туризм вазирлиги;
• Мудофаа вазирлиги;
• Энергетика вазирлиги;
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
• Ташқи ишлар вазирлиги;
• Ички ишлар вазирлиги;
• Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг институционал мустақиллигини ошириш мақсадида шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ташкилий тузилмаси, штат бирликлари ва раҳбар ўринбосарларининг сони, шунингдек, фаолият йўналишлари белгилаб берилади.
Бунда:
• марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалар тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади;
• республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ажратилган маблағлар доирасида ҳамда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг тузилмаси ва штат бирликларини тасдиқлаш ҳуқуқи тақдим этилади;
• республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ҳудуддаги эҳтиёж ва шароитлардан келиб чиқиб, муайян вилоят ёки туман (шаҳар) бўлинмаларини ташкил этиш ёки уларни туманлараро (вилоятлараро) шаклда тузиш ваколати берилади.
Шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари штат бирликлари, шу жумладан раҳбар лавозимларини 30 фоизгача мақбуллаштирилади ва адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этилади.
Маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилинаётган ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур Фармонда белгиланган янги талаблардан келиб чиққан ҳолда самарали фаолияти йўлга қўйилади.
Раҳбарларнинг молиявий ва институционал мустақиллигини ошириш орқали ҳудудлар билан ишлашнинг самарали тизими жорий этилади;
Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функцияларини тартибга солиш орқали улар камида 10 фоизга қисқартирилади, хусусий секторга ўтказиладиган давлат функциялари сони камида 3 баробарга оширилади, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмлари кенг жорий этилади.
LiveБарчаси