Uzum bank, Agrobank, Ipoteka-bank ва микромолия ташкилотлари жаримага тортилди

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи бир нечта тижорий банклар ва микромолия ташкилотларига жарима қўлланилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Марказий банк томонидан Shaffof-moliya ва Tezcoin микромолия ташкилотларида ҳамда Uzum bank’да ўтказилган текширувлар давомида қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланган. 

Хусусан, микромолия ташкилотларида: 

  • микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя қилинмаган; 
  • мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик; 
  • микроқарз шартномаларини расмийлаштиришда қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаган; 
  • мижозларнинг кредит тарихи бўйича маълумотлар белгиланган муддатларда кредит бюроларига тақдим этилмаган. 

Uzum bank’да: 

  • банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик; 
  • мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик; 
  • кредит бюросига истеъмолчиларнинг кредит тарихи маълумотлари қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб юборилган; 
  • истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. 

Аниқланган қоидабузарликлар хусусияти ва кўлами инобатга олиниб, Марказий банк томонидан: 

  1. Shaffof-moliya микромолия ташкилотига нисбатан – 201 млн сўм; 
  2. Tezcoin микромолия ташкилотига нисбатан – 156 млн сўм; 
  3. Uzum bank’ка нисбатан 215,5 млн сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилган. 

Шунингдек, Ipoteka-bank фаолияти юзасидан келган кредит муносабатларига доир истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳам атрофлича ўрганилган. Мурожаатда акс эттирилган ҳолатлар кўриб чиқилганда, Ipoteka-bank томонидан банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлган. Хусусан, 

  • кредит қарздорликлари учун маблағлар қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олинган; 
  • кредит шартномасида қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)га тегишли бўлган банк картасидан маблағлар кредит қарздорликлари учун акцептсиз (розиликсиз) ечиб олиниши белгиланмаган бўлсада, маблағлар акцептсиз ечиб олинган; 
  • кредит шартномаси бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан чиқарилган; 
  • шартномаларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя этилмаган. 

Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар учун Ipoteka-bank’ка нисбатан 105 млн сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилган. 

Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказилган. Назорат тадбирларида тижорат банклари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда ошкоралик, шаффофлик, ахборотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари кузатилган. 

Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда 14 та банкка нисбатан жами 681,5 млн сўм жарима санкцияси қўлланилган. Шундан, Agrobank’ка нисбатан 255 млн сўм, O‘zsanoatqurilishbank’ка нисбатан 119,5 млн сўм жарима белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг