Ўзсаноатқурилишбанк Туркия банклари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Бизнес
−
27 Декабрь 2023
4485Жорий йилнинг 25-26 декабрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ва Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши доирасида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан хорижий ҳамкорлар билан умумий қиймати 130 млн. долларлик битимлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб, кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилган. Банк-молия соҳасида ҳам алоқалар чуқурлашмоқда.
Анқара шаҳрида ўтказилган Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши якунлари бўйича Ўзсаноатқурилишбанк Турк Эксимбанки билан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган қиймати 60 млн. долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзолаган бўлса, бизнес-форум доирасида “Citibank A.S.” Туркия офиси билан 2024 йил учун ҳамкорлик келишуви, шу жумладан қиймати 70 млн. долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишувга эришди.
Таъкидлаш керакки, ушбу маблағлар республикамизда кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги субъектларнинг савдо ва инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш, қурилиш материаллари ва электротехника саноатларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилади.
Маълумот учун: 1987 йилда ташкил топган Турк Эксимбанки Туркия ҳукуматига экспортни рағбатлантириш ва ривожлантиришда асосий воситачи ҳисобланади.
Дунёдаги йирик банклардан бири – “Citibank” эса, ўз фаолиятини 1812 йилда бошлаган бўлиб, активлари бўйича АҚШда учинчи ўринни эгаллайди. “Citigroup” молиявий конгломерати таркибига киради. Дунёнинг 19 та давлатида 2,6 мингдан ортиқ бўлинмалари мавжуд.
Банк Ахборот хизмати
LiveБарчаси