Ўзсаноатқурилишбанк тизимида “Kaizen teams” лойиҳаси иш бошлади
Бизнес
−
12 Май 2021
6792Жорий йилнинг 10-11 май кунлари Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ёш ходимлар учун ташкил этилган “Kaizen teams” лойиҳасининг очилиш маросими ҳамда лойиҳанинг илк тренинглари бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз раҳнамолигида барча жабҳаларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда алоҳида иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ёшлар улуши салмоқли ўрин эгаллаган Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ҳам ушбу йўналишда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жамоа ёшлари орасидан юқори салоҳиятли ходимларни танлаб олиб, тизимда раҳбар кадрлар захирасини яратиш ҳамда уларни доимий равишда ривожлантириб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Kaizen teams” лойиҳаси ана шундай ишларнинг амалий ифодасидир.
“Лойиҳа ҳам назарий, ҳам кўнгилочар, ҳам ватанпарварлик руҳидаги турли дастурларни ўз ичига олган. Бадиий ва бизнесга оид китоблар бўйича беллашувлар ташкил этилади, маҳаллий ва хорижий Top-менежерлар билан турли учрашувлар ўтказилади. Асосийси, иштирокчиларга банк нуфузини янада оширишга қаратилган вазифалар топширилиб, тизимда амалга оширилаётган трансформация жараёнига ўз ҳиссаларини қўшиш имконияти берилади”, дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Ходимларни бошқариш департаменти директори Азизхон Нодиров.
Шунингдек, топшириқларни ўз вақтида бажариб, тренингларда фаол қатнашган ҳамда хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ёш ходимлар чет давлатларга малака оширишга юборилади, раҳбарлик лавозимларига тайинланади.
“Kaizen teams” лойиҳасининг очилиш маросими доирасида банк Бошқарув раиси Сахи Аннакличев билан норасмий учрашув бўлиб ўтди. Унда банк раҳбари лойиҳа иштирокчиларини дастлабки ютуқлари билан табриклади ва мулоқот қилди.
Илк тренинглар Банкдаги трансформация жараёнларига бағишланди. Банкнинг 2021 йилга мўлжаллаган бизнес режаси, чакана хизматлар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда корпоратив бизнес йўналишлари, шунингдек қарздорлар билан ишлаш технологияси ва психологияси, тизимда лидерлик, муваффақиятли раҳбарнинг олтин қоидалари каби мавзуларда Бошқарув аъзолари ҳамда тегишли таркибий бўлинма раҳбарлари томонидан тақдимотли чиқишлар намойиш этилди.
Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали Буюк Британиядаги Лондон Брунел университетида МБА йўналишида таҳсил олиб қайтган, банк раҳбар ходимларидан бири – Шоҳпур Гултўраев томонидан “SQB mini MBA” йўналишида тренинг ўтказилиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Маълумот учун. “Kaizen” (японча “яхшилаш”, “такомиллаштириш” деган маънони билдиради) – бу ҳаётимизнинг барча жабҳалари, жумладан, бизнес ва бошқарув тизимидаги барча жараёнларни доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган япон фалсафасидир. Дастлаб Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш даврида қатор япон компанияларида қўлланилган “Kaizen” тамойиллари кейинчалик бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси