Узоқ кутилган учрашув амалга ошади. Путин Ким Чен Инни РФга таклиф қилди
Олам
−
18 Апрель 2019
7249Жорий йилнинг апрель ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) етакчиси Ким Чен Ин учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди.
“Владимир Путин таклифига биноан апрель ойининг иккинчи ярмида Корея Халқ Демократик Республикаси Давлат кенгаши Раиси Ким Чен Ин Россия Федерациясига ташриф буюради”, дейилган Кремль хабарида.
РФ Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, учрашувнинг аниқ санаси, вақти ва жойи ҳозирча маълум эмас. Бу борада жараён давом этяпти.
Бир неча кун аввал Жанубий Кореянинг “Рёнхап” агентлиги РФ ва КХДР етакчиларининг узоқ кутилган учрашуви 24 апрель куни Узов Шарқда бўлиб ўтиши ҳақида хабар тарқатганди.
Маълумот ўрнида, Ким Чен Ин ва Путин учрашуви ҳақида анча вақтдан бери турли маълумотлар айтилаётганди. Аммо учрашувнинг қачон амалга ошиши бораси расмий хабарлар билдирилмаганди. Бу орада Ким Чен Ин икки марта АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашди. Биринчи учрашув ўтган йилнинг ёзида Сингапурда, иккинчи учрашув шу йилнинг февраль ойида Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида бўлиб ўтди.