Ўзингники ўзагингни қирқар. 40 йил жосуслик қилган мансабдор 15 йилга қамалди
Олам
−
13 Апрель
46532АҚШ суди Американинг Боливиядаги собиқ элчиси Мануэль Рочани Куба фойдасига жосуслик қилганликда айблаб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, 2000 йилдан 2002 йилгача АҚШнинг Боливиядаги элчиси бўлиб ишлаган Виктор Мануэль Роча ноқонуний хорижий агент сифатида ишлаганлик учун икки банд бўйича айбини тан олган. Унга биринчи айбловлар ўтган йилнинг декабрида қўйилган эди.
АҚШ прокурорларининг даъвосича, 73 ёшли Роча Кубанинг ҳукмрон Коммунистик партиясини яширинча қўллаб-қувватлаган ва мамлакатга 40 йилдан ортиқ вақт давомида, жумладан, АҚШ Давлат департаментидаги 20 йиллик фаолияти давомида Вашингтонга қарши разведка маълумотларини тўплашда ёрдам берган.
“Бугунги айбни тан олиш Рочанинг қирқ йиллик хиёнати ва ёлғончилигига барҳам беради. Роча умрининг кўп қисмини ёлғон билан ўтказди”, дейди АҚШ Адлия вазирлигининг миллий хавфсизлик бўйича юқори мартабали ходими Дэвид Ньюман.
Роча Куба учун ўнлаб йиллар давомида ишлаганини тан олди. У 2022 ва 2023 йилларда ўзини Куба ташқи разведка хизмати вакили сифатида кўрсатган Федерал тергов бюроси махфий агенти билан бир қатор учрашувлар чоғида фош қилинишдан қочиш қобилияти билан мақтанган.
Собиқ дипломат федерал прокурорлар билан Куба разведкаси билан алоқалари тафсилотларини ошкор этишни талаб қиладиган келишув доирасида айбини тан олишга рози бўлган.
Аммо АҚШ расмийлари унинг Гавана билан ҳамкорлиги ҳақида ҳеч қачон билмаслиги мумкинлигига ишонишади.
Прокурорларнинг таъкидлашича, Роча унга махфий маълумотларга кириш ва АҚШ ташқи сиёсатига таъсир ўтказиш имконини берадиган лавозимларни қидирган.
Роча 1981 йилдан 2002 йилгача Давлат департаментида ишлаган ва суд ҳужжатларига кўра, 1994 йилдан 1995 йилгача Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳам бўлган.
LiveБарчаси