Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссиясига Бош котиб тайинланди
Жамият
−
02 Декабрь 2020
7587Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан жорий йилнинг 30 ноябридан Гаянэ Умерова Ўзбекистон Республикасининг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси Бош котиби этиб тайинланди.
Маълумот учун, UNESCO Миллий комиссиясининг раиси – Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. Ўзбекистоннинг UNESCO ҳузуридаги доимий вакили – Умид Шадиев, UNESCO`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари эса жаноб Ян Хладик ҳисобланади.
2008 йилдан 2017 йилга қадар Гаянэ Умерова - Ўзбекистон тасвирий санъат галереясининг Кўргазмалар ва жамғармалар бўлимида етакчи мутахассис, 2017-2020 йилларда эса - Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармасининг молия бошқаруви бўлими бошлиғи, ижрочи директор ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2020 йилдан Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Гаянэ Умерова 2008 йилда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (бакалавр), 2012 йилда эса Sotheby’s Санъат институти ва Манчестер университети (магистратура)ни тугаллаган. Sotheby’s Аукцион уйида, Victoria&Albert музейи (Буюк Британия)да ҳамда Жорж Помпиду маркази (Франция)да малака оширган. Ўзбек, инглиз ва рус тилларини билади.
Гаянэ Умерова Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат топшириғи билан санъат соҳасидаги йирик халқаро лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. 2022 йилда Лувр музейида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданий мероси кўргазмасини ташкил қилиш, Ўзбекистон Давлат санъат музейи реконструкцияси, Ўзбекистоннинг замонавий Рестраврация марказини яратиш, 2022 йилда ўтказиладиган ШҲТ саммити муносабати билан Самарқандда Буюк Ипак йўли музейининг очилиши, 2022 йилда Берлинда Ўзбекистон кўргазмасининг очилиши, Самарқанд халқаро хайрия яриммарафонининг ўтказилиши шулар жумласидандир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги “UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 957-сонли қарори билан UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг Низоми, тузилмаси ва таркиби тасдиқланган.
Миллий комиссия фаолиятининг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг UNESCO ва ICESCO фаолиятидаги халқаро нуфузи ва ўрнини мустаҳкамлаш, вазирлик ва идораларнинг маданият, таълим, илм-фан, коммуникациялар ва ахборот ишлаб чиқаришга доир фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
LiveБарчаси