Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасида яширин тоннель қазиган шахсларга суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасига яқин ҳудудда яширин ер ости йўллари қазиган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Ҳукмга кўра, улар 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 январь куни Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” МФЙда яшовчи 32 ёшли фуқаронинг ҳовлисидан эни 1м квадрат, чуқурлиги 12-12,5 метр ва узунлиги 150 метр бўлган ер ости йўли топилган. Бу йўл Қирғизистон Республикасига ноқонуний ўтиш учун махсус қазилган.

Бундан ташқари, мазкур туманнинг “Бирлик” МФЙда яшовчи фуқаронинг ҳовлисидан эни 1м квадрат, чуқурлиги 10-12 метр, узунлиги 400-420 метр атрофидаги иккинчи ер ости йўли борлиги аниқланган. Ушбу ер ости йўлига қўлбола пўлат изларда ҳаракатланувчи кичик ҳажмли, электродвигателли аравача ўрнатилган.

Хабарга кўра, 2 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқаросидан иборат уюшган жиноий гуруҳга 1974 йилда туғилган қирғизистонлик шахс етакчилик қилган.

Улар мазкур тоннеллардан катта миқдордаги чет эл валюталарини ноқонуний равишда хорижга чиқариш билан шуғулланган. 22 январь куни уларнинг навбатдаги 1 млн 641 минг 106 АҚШ долларини Қирғизистон Республикасига ноқонуний чиқариш режаси фош этилган.

Гуруҳ аъзолари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмаслик мақсадида, ўзаро мулоқотда шартли сўзлашув усулини қўллаган ва Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара-божхона постидан декларация тўлдирган ҳолда катта миқдордаги валюталарини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириб, сўнгра пулларни ер ости йўли орқали Қирғизистонга қайтариб, олиб чиқиб кетган. Тўлдирилган декларациядан эса Тошкент ва Қўқон шаҳарларидан хорижий валюталарни ташишда йўлларда кузатиладиган эҳтимолий текширувларда фойдаланган.

Жорий йилнинг 25 май куни жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг ҳукмига кўра, қонунбузарларга нисбатан 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 5 февраль куни Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳридаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” МФЙда яшовчи бошқа бир фуқаронинг уйида ҳам қўшни давлат ҳудудига олиб ўтувчи яширин ер ости йўли борлиги аниқланган.

У ҳам қирғизистонлик шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ажратиб турувчи “Шаҳрихонсой” канали остидан ўтувчи, чуқурлиги тахминан 16 метр, узунлиги 70 метр бўлган ер ости йўли қазиб, уни махсус электр ёритгич тизими ва кислород билан таъминловчи ускуналар билан жиҳозлаган. 

Хабарга кўра, ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу учта ер ости йўллари орқали катта миқдордаги чет эл валюталари Ўзбекистондан қўшни давлатга олиб чиқилиб, турли хил товар-моддий бойликлар мамлакатга олиб кирилган.

“Таъкидлаш лозимки, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари доирасида жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари номига, аниқланган учта ер ости йўлларининг Қирғизистон томонида жойлашган манзиллари ва уларнинг ташкилотчилари тўғрисида тегишли маълумотлар юборилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган”, дейилади хабарда.

 Кейинчалик, жорий йилнинг май-июнь ойларида қўшни давлат вакиллари томонидан ўз ҳудудларида ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида, ушбу яширин ер ости йўллари фаолиятига чек қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

365

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг