Ўзбекистонликлар сўнгги 9 ойда “чиройли” авторақамлар учун қанча сарфлади?

Бу қизиқ

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида avtoraqam.uzex.uz сайтида онлайн-аукционлар орқали 221,1 млрд сўмлик 105,6 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 1,7 баробарга, қиймати бўйича 28,3 фоизга ўсган. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилган. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 млн сўмга тенг бўлган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 61,5 фоизга ўсиб, 61 513,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Бундан ташқари, биржа товарлар савдоси бўйича бошқа маълумотларни ҳам тақдим этди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 56,8 фоизга ошиб, 22 844,3 млрд сўмни ташкил этган. Шу жумладан, тадбиркорлар биржа орқали 14 682,9  млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 8 161,4 млрд сўмлик маҳсулот сотган.

Шунингдек, биржа орқали 64,5 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Биржа савдолари орқали 53, 182 млрд сўмлик товарлар сотилиб, ўсиш 59,9 фоизни ташкил этган. Сотувчи корхоналар биржа савдолари давомида реал бозор нархларининг шаклланиши эвазига 4 892,5  млрд сўмлик қўшимча даромад олишган ва бу 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 2,1 баробарга кўпдир.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,4 баробарга ошиб, 6 755,7 млрд сўмга тенг бўлган. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши 1,9 маротабага ўсиб, 1 152,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Электрон тижоратнинг В2В моделини акс этувчи кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми жорий йил 9 ойлик даврда 1 353,8  млрд сўмни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг