Ўзбекистонликлар Кореяга сохта COVID-19 маълумотномалари билан кетаётгани аниқланди
Жамият
−
28 Сентябрь 2020
8457Ўзбекистон Республикасидан Жанубий Кореяга бораётган фуқароларда COVID-19 тести билан боғлиқ сохта маълумотномалар аниқланмоқда. Ҳужжатларда коронавирус йўқлиги тасдиқланган, лекин ташриф буюрганларнинг баъзиларида COVID-19 қайд этилган. Шу сабабли, Жанубий Корея элчихонаси тест натижалари устидан консуллик назорати тизимини жорий этди.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 24 сентябрдан коронавирусга ПЗР-тест маълумотномаларини тасдиқлаш учун консуллик текшируви тизимини жорий этиб, лабораториялар рўйхатини янгилади. Бу ҳақда элчихона Матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда Ўзбекистондан Корея Республикасига боришни режалаштирган фуқаролар, Кореяга қўниши билан ПЗР услубида ўтказилган ва элчихона клиникасидан тасдиқланган COVID-19 тести манфий бўлган маълумотномани тақдим этишлари лозим. Тест парвоздан 48 соат олдин бўлган вақт ичида ўтказилган бўлиши керак.
Айни вақтда Тошкентдан парвоз қилаётган чартер рейсларга фақатгина Корея Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари қабул қилинмоқда. Бироқ, амалдаги визаларга эга бўлган кўплаб ўзбек фуқаролари учинчи давлатлар орқали Корея Республикасига кириб келмоқда.
Элчихона маълумотларига кўра, Корея Республикасига учинчи давлатлар орқали кириб келаётган ўзбекистонликлар қўлида ПЗР-тест натижаси манфий бўлган маълумотнома бор. Лекин, улардан олинган намуналар бўйича COVID-19 тести натижалари ижобий чиқмоқда. Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Ўзбекистондан учиб келган 421 нафар чет эл фуқаросининг 52 нафарида (12,4 фоиз) коронавирус тасдиқланган.
"Бу шуни кўрсатадики, баъзи одамлар ПЗР-тестининг салбий натижаси ҳақидаги маълумотномаларни сохталаштирмоқда ёки салбий тест натижасини олиш учун шифохонада қасддан нотўғри тест ўтказилишига эришишмоқда ёхуд учинчи давлат транзит ҳудудида касалликни юқтириб олишмоқда. Шу сабабли Корея Республикасига келганида, COVID-19 тести ижобий чиққан кўплаб ҳолатлар аниқланди", дейилади элчихона баёнотида.
Элчихона ПЗР-тестининг салбий натижаси ҳақидаги маълумотномани сохталаштириш ёки ноҳалол йўл билан Корея Республикасига кириш учун сертификат олиш жиноий жавобгарлик (1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 10 миллион вонгача — 8,500 долларга жарима), шунингдек, мажбурий депортация (киришга тақиқ билан бирга) каби чоралар қўлланилишига олиб келишидан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондан Корея Республикасига келаётганлар орасида COVID-19 мунтазам аниқланган тақдирда, мамлакатга Ўзбекистондан киришга тўлиқ тақиқ қўйилишига қадар қатъий чоралар кўрилиши эҳтимоли мавжуд.
Маълумот учун, 24 сентябрдан элчихона томонидан тасдиқланган рўйхатдан Swiss Lab лабораторияси чиқариб ташланди. Айни вақтда Korea №1 Laboratory томонидан ўтказилаётган тестлар тан олинмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь