Ўзбекистонга коронавирусни катталаштириб кўрсатадиган микроскоп олиб келинди

Жамият 2818
image

Ўзбекимтонга 100 нанометрли коронавирусни миллион марта катталаштириб, 10 см қилиб кўрсатадиган ноёб электрон микроскоп олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни саққлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги тегишли фармойишига асосан, Ўзбекистонда коронавирус ҳамда бошқа касалликларга қарши самарали кураш, аниқ ташхис ва улар устида юқори технологик илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика патологик анатомия марказига Япониянинг нуфузли “JEOL” компанияси  томонидан ишлаб чиқарилган “JEM-2100Plus” русумдаги замонавий трансмиссион электрон микроскоп олиб келинди.

Республика патологик анатомия маркази Ўзбекистондаги патологоанатомик хизматнинг бош муассасаси бўлиб, барча вилоятлар ва йирик шаҳарлардаги даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётган касалликларни биопсия усулида морфологик жиҳатдан аниқлаш ва касалликдан вафот этганлар мурдасини аутопсия усулида текшириб, бевосита ўлим сабабини аниқлаш, клиник диагнозни таҳлил қилиш, ҳар қандай хатоликни аниқлаш каби ташхислаш тадбирларни амалга оширади. 

“Врач-патологоанатомларнинг асосий иш қуроли ёруғлик микроскоп ва электрон микроскоп ҳисобланади. Японияда ишлаб чиқарилган “JEM-2100Plus” русумдаги замонавий трансмиссион электрон микроскоп Инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилди”, дейилади хабарда.

Ушбу трансмиссион электрон микроскоп 1 нанометрли тузилмани миллион марта катталаштириб, 1 миллиметр даражада кўрсатади. Масалан: 100 нанометрли коронавирусни миллион марта катталаштириб, 10 см қилиб кўрсатади.

Хабарга кўра, ҳозирда “JEM-2100Plus” русумдаги замонавий трансмиссион электрон микроскопдан тўлиқ фойдаланиш ва илмий тадқиқот ишларини бажариш йўлга қўйилди.

15 апрелдан бошлаб Ўзбекистондаги барча тиббиёт олий ўқув юртлари ва илмий-амалий марказлар билан шартномалар тузилиб, тадқиқотлар бошлаб юборилган. 1 майдан бошлаб текширишга қабул қилинган биологик материалга махсус тартибда ишлов бериш, электрон микроскопда кўриб ўрганиш, электроннограммалар олиш, уларни илмий жиҳатдан тавсифлаб, эгасига қайтариш йўлга қўйилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3.1
t
×