Ўзбекистонга АҚШдан 3 млн доза вакцина олиб келинди
Жамият
−
30 Июль 2021
4274Бугун, 30 июль куни Ўзбекистонга коронавирусга қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси олиб келинди. Вакцина АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида ажратилган бўлиб, айни шу сонияларда махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан Ўзбекистонга етказиб берилди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
Аэропортда юкни қабул қилиб олиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев, халқаро миқёсда эса АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дениэль Розенблюм, USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Кристофер Фитцпатрик ва бошқа масъуллар иштирок этишди.
Маълумки, “Moderna” компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион 60 доза вакцинасини Ўзбекистон учун АҚШ беғараз кўмак тариқасида ажратди.
Айтиш лозимки, Moderna Қўшма Штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси ҳисобланади. Шунингдек, АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотига кўра, “Moderna” компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади.
Аҳамиятли жиҳати, Aмериканинг Moderna вакцинаси ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқланган (“Pfizer”, “Johnson & Johnson” компанияларининг вакциналари, шунингдек, “AstraZeneca” компаниясининг икки турдаги препаратидан сўнг) бешинчи вакцина ҳисобланади. ЖССТ экспертлар гуруҳи вакцинанинг вирусга қарши 94,1 фоиз самарадор эканини таъкидлаб, уни 18 ёшдан катта бўлган барча аҳоли гуруҳлари учун тавсия қилган.
ЖССТнинг маълумотига кўра, вакцина кўп дозали флаконда –25 даражадан –15 даражагача бўлган музлатилган суспензия сифатида етказилса-да, флаконларни биринчи дозани олишдан олдин 30 кунгача 2–8 даража ҳароратда совутгичда сақлаш мумкин. Бу дегани препаратни жойларга етказиш учун совуқлик занжирини таъминловчи ускуналар бўлиши ҳар доим ҳам шарт эмас. Уни оддий совуткичда ҳам сақласа бўлади. Мазкур вакцина тери остига юборилади, эмлаш 28 кунлик интервал билан икки дозадан иборат.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида COVAX дастурига асосан 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилган эди. Шундай қилиб, жами вакцина захираси 12 миллион 580 минг 60 дозани ташкил қилмоқда. Улардан:
370 минг дозаси “Спутник V”,
710 минг дозаси AstraZeneca,
8,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001,
3 миллион 60 дозаси Moderna вакцинасидир.
Ҳозирда юртимизда (28 июль ҳолатига кўра) коронавирус инфекциясига қарши жами 6 982 431 доза вакцинадан фойдаланилди, 1 149 687 нафар фуқаро тўлиқ эмланди.
Бугун, 30 июль куни соат 11:00 да Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати биносида расмий вакиллар иштирокида Moderna вакцинасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь