Ўзбекистондаги мактаблар БААдан андаза олади
Жамият
−
28 Август 2023
11119Эндиликда Ўзбекистондаги мактабларда таълим жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа нуфузли хорижий ҳамкорлар тажрибаси асосида йўлга қўйилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 28 август куни мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилинади. Яъни, келгуси йиллардаги талабни ҳозирдан аниқлаб, зарур мутахассисликлар бўйича муаллимларни олдиндан тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади.
Мақсадли буюртма асосида ўқитувчиларни тайёрлаш тўлиқ давлат грантига ўтказилади. Келгуси ўқув йили учун педагогика олийгоҳларининг қабул квоталарини белгилашда ушбу янги тартиб назарда тутилади.
Мактаб таълимида бошқарув тизими ҳам ўзгаради. Мактабда таълим жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа нуфузли хорижий ҳамкорлар тажрибаси асосида йўлга қўйилади.
Энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли контракт асосида ишга олинади.
Директорлар ва ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади. Сертификациядан ўта олмаган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.
Йиғилишда Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларига келгуси йилдан сертификациядан ўтган директорлар ойлигини 50 фоизга, ўринбосарлар иш ҳақини эса 30 фоизга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилди.
LiveБарчаси