Йўл қурилишига сарфланган млрдлар талон-торож қилинмаслиги учун назорат платформаси ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда йўл қурилиши ва таъмирлаш ишларига сарфланган пулни назорат қилиш учун “Shaffof Yo’l” онлайн ахборот платформаси ва унинг мобиль иловаси ишга туширилади. Бу ҳақда Президентнинг умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида сўз боради.  

Ушбу платформада қуйидагилар акс этади:

  • автомобиль йўллари қурилиши бўйича барча давлат дастурлари ва маҳаллий дастурлар бир жойда жамланади;
  • қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган йўлларнинг барчаси онлайн-харитада яққол кўриниб туради;
  • шу хаританинг ўзида қурилиш ёки таъмирлашни амалга ошираётган ташкилот, сарфланаётган маблағ, бажарилган ишларнинг аҳволини бевосита кузатиб бориш имкони пайдо бўлади;
  • йўл жамғармаларининг барча тушумлари реал вақт режимида платформада “онлайн-ҳисоблагич”да кўриниб туради. Масалан, автомобилни рўйхатдан ўтказганда йўл жамғармасига тўланган маблағ қаерга кетганлигини шу заҳоти билиб олса бўлади;
  • аҳолида йўллар носозлиги, ҳаракатланиш учун пайдо бўлган муаммолар ҳақида фото ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти пайдо бўлади. 

Шунингдек, ҳар йили 1 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда кейинги йилда қурилиши, таъмирланиши кўзда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини олдиндан аниқлаш, уларни харитага жойлаш ва буни кенг жамоатчиликка тақдим этиш амалиётини йўлга қўяди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиши соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40 га яқин жиноят иши очилгани ва уларда 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торож қилингани фош этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг