Ўзбекистонда тиббий мажбурлов чораларининг турлари кенгайди
Жамият
−
13 Сентябрь 2019
3762Ўзбекистон Республикаси Президенти "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" ги қонунни имзолади.
93-модданинг (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг турлари) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
"Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари жумласига қуйидагилар киради:
а) яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш;
б) яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш;
в) умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш;
г) кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш;
д) жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш";
94-модданинг (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Руҳий ҳолати бузилган, касаллигининг зўрайиши аломатлари бўлмаган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолати вақтинча бузилган шахсларга нисбатан касаллик қайтарилишининг ва улар томонидан янги ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишининг олдини олиш учун яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш тайинланиши мумкин.
Яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш ижтимоий хавфлилиги умумий асосларда амалга оширилиши мумкин бўлган даволашни талаб этадиган ҳолат билан боғлиқ бўлган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.
Умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш ижтимоий хавфлилиги кўпроқ ихтиёрий тартибда амалга оширилиши мумкин бўлмаган реабилитация чоралари кўрилишини талаб этадиган ҳолат билан боғлиқ бўлган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.
Кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш ўта ижтимоий хавфли бўлган ёки ўз хулқ-атворида умумий тартибли психиатрия шифохонаси шароитларида зарур даволаш ва реабилитация чораларини амалга ошириш имконини бермайдиган қоидабузарликларга йўл қўядиган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин. Руҳий ҳолати бузилган шахслар кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида батамом ажратилган ҳолда сақланади ва қўриқланади.
Жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган, жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин»;
95-модда (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари муддатини узайтириш, ўзгартириш ва бекор қилиш) қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«95-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни узайтириш, ўзгартириш ва тугатиш
Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни узайтириш, ўзгартириш ва тугатиш шифокор психиатрлар комиссиясининг хулосаси асосида, жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ва маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада эса, тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан амалга оширилади.
Руҳий ҳолати бузилган шахс тиббий йусиндаги мажбурлов чораларини қўллашга муҳтож бўлмаган ҳолларда, шунингдек бу чораларни қўллаш тугатилганда суд бундай шахсни умумий асосларда даволаш ёки ижтимоий таъминот муассасасига юбориш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун соғлиқни сақлаш органларига топшириши мумкин.
Алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан жазо билан бир қаторда тайинланган тиббий йусиндаги мажбурлов чораларини қўллашни тугатиш тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан амалга оширилади»;
96-модданинг (Алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги чораларни қўллаш) номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
"96-модда. Жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш
Алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан ёхуд ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахслар томонидан жиноят содир этилган тақдирда, агар тиббий хулоса мавжуд бўлса, суд жазо тайинлаш билан бирга уларга нисбатан тиббий йусиндаги мажбурлов чораларини тайинлаши мумкин";
104-модданинг (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) биринчи қисмидаги (Содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотиш ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқиши ёки унинг фаолияти тамоман йўқолишига, руҳий касалга чалинишга ёки умуман соғлиғи бузилиб, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг доимий йўқолишига ёки ҳомиланинг тушиши ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса) "руҳий касалга чалинишга ёки умуман соғлиги бузилиб" деган сўзлар "руҳий ҳолатининг бузилишига ёки соғлигининг бошқача тарзда бузилишига" деган сўзлар билан алмаштирилди;
127-1-модданинг (Тиланчилик қилиш) иккинчи қисмидаги (Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) "руҳий касалликлари" деган сўзлар "руҳий ҳолати бузилган" деган сўзлар билан алмаштирилди.
LiveБарчаси