Ўзбекистонда таълимга ҳамон эскича муносабатда бўлиняпти — Жавлон Жавлиев

Жамият 4265

Бугун ўзбек халқи уйқудами? “Қўрқма” романи муаллифи Жавлон Жавлиев QALAMPIR.UZʼга берган интервьюсида бу саволга жавоб бериб, бугун ўзбек халқи уйғонганини аммо, бу уйғониш суст эканлигини айтиб ўтди.

“Юз йил олдин халқимизда “уйғонмоқ” ғояси бўлган. Жадидларнинг кўп шеърларига эътибор берсангиз, уйғониш кераклиги ҳақида айтилади. Бугун халқимизни уйғонмаган, деб айта олмайман. Чунки халқимиз уйғонган ва нима қилаётганини билади. Халқимиз ақлли бўлиб бормоқда. Бундан буёғига биз ҳаракат қилишимиз керак. Уйғониш ҳеч нарса эмас экан. Биз уйғондик. Бугун саводимиз бор, билимимиз бор. Ҳарна мактаб кўрганмиз ва кейинги авлодимиз ҳам таълим олмоқда. Тўғри, биз уйғондик! Лекин таълимдан чиқаётган шунча кадрлар қаерга кетяпти?! Қатор дипломларимиз бор, лекин уларнинг сифати йўқ. Бизга журъат ва қўрқмаслик шижоати керак. Биз кишанланган қобиқлардан чиқишимиз керак. Шундагина биз ўзгаришимиз мумкин. Фитрат юз йил олдин “Нажот – таълимда”, деган эди. Ҳамон бизнинг нажотимиз таълим”, дейди Жавлон Жавлиев.

Ёзувчи сўзида давом этар экан, нажот таълимда бўлса ҳам бугун Ўзбекистонда таълимга ҳали ҳам эскича муносабатда бўлинаётганини таъкидлаб ўтди.

“Таълимга эътибор кўпроқ бўлиши учун эътибор берадиган мутахассислар керак. Биз нажотни таълимда кўряпмизу ҳали ҳам таълимга эскича муносабатда бўляпмиз. Асарим қаҳрамонлари бевосита бугунги кундаги таълим тизимидагилар. Уларнинг кўпчилигида мақсадсизлик бор. Университетларга бориб кўрсангиз, кўпчиликнинг орзуси четда ўқиш. У ерда қолиб кетиш, демаяпман уларнинг орзуси чет элда ўқиш. Бунинг сабаби ўзимиздаги таълимдан қониқмаслик ва ишонмаслик”, дейди ёзувчи.

Жавлон Жавлиев билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида ёки қуйидаги видеоплеерда томоша қилишингиз мумкин.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3.1
t
×