Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг концептуал асослари тасдиқланади
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
5961Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Молиявий ҳисоботнинг концептуал асосларини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Концептуал асос Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари (БҲМС)га мувофиқ молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун молиявий ахборотларни тақдим этишнинг мақсади ва очиб беришни белгилайди.
• Концептуал асос БҲМС ҳисобланмайди. Мазкур Концептуал асоснинг ҳеч бир қоидаси аниқ бир БҲМС қоидаларидан устунлик кучига эга эмас.
Айрим ҳолларда, агар концептуал асос билан БҲМС ўртасида зиддиятлар бўлса, БҲМСнинг талаблари концептуал асос талабларидан устун.
Концептуал асос қуйидагиларни белгилайди:
• молиявий ҳисоботнинг мақсадини;
• молиявий ахборотнинг сифат хусусиятларини (ўринлилик ва ишончли тақдим этиш);
• молиявий ҳисобот элементлари ва уларни тан олиш мезонларини.
• Концептуал асос молиявий ҳисоботга, шу жумладан консолидациялашган молиявий ҳисоботга алоқадордир. Молиявий ҳисобот фойдаланувчилар кенг доирасининг ахборотга бўлган талабини қондириш учун тузилади ва вақти-вақти билан тақдим этилади. Молиявий ҳисобот кўпчилик фойдаланувчилар учун асосий молиявий ахборот ҳисобланади. Айрим фойдаланувчилар, тегишли ваколатлар бўлганда, молиявий ҳисоботда бор бўлган ахборотга қўшимча ахборотни талаб қилишлари мумкин.
• Молиявий ҳисоботлар таркибий қисми бухгалтерия ҳисобига оид қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Молиявий ҳисобот шунингдек, ундаги ахборотларнинг фойдалилигини оширувчи тушунтириш хати (қўшимча маълумотлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар)ни ҳам ўз ичига олади.
• Барча бухгалтерия ҳисоби субъектлари молиявий ҳисоботни тақдим этишда концептуал асосга амал қилишлари керак.
• Молиявий ҳисоботнинг мақсади бухгалтерия ҳисоби субъектининг ҳисобот санасидаги молиявий аҳволи, унинг ҳисобот давридаги фаолиятининг молиявий натижаси ва пул маблағларининг айланиши тўғрисидаги ахборотни тақдим этишдан иборат.
• Молиявий ҳисобот иқтисодий қарорлар қабул қилиш учун фойдаланувчиларга зарур бўлган бутун ахборотни ўз ичига олмайди, чунки ҳисобот асосан бўлиб ўтган воқеаларнинг натижаларини акс эттиради.
• Молиявий ҳисобот ахборотига эҳтиёж қуйидагиларда вужудга келади:
• берилган инвестициялар билан боғлиқ хатарлар муносабати билан инвесторларда;
• акциядорлар, таъсисчилар (иштирокчилар) ҳамда дивиденд ва фоизларни тўлаш қобилиятини баҳолайдиган ахборотдан манфаатдорларда;
• қарзларнинг сўндирилиши, кредитларнинг қайтарилиш ва фоизлар ўз вақтида тўланишидан манфаатдор бўлган мол етказиб берувчилар ва кредиторларда;
• ташкилотнинг узлуксиз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор бўлган харидорларда;
• ташкилотнинг фаолияти барқарорлиги ва рентабеллиги тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор бўлган бошқарув органлари ва ходимларида. Улар шунингдек ташкилотнинг ўз иш ҳақларини, пенсияларини ва кейинчалик ҳам ёллаш бўйича ишлаш имкониятларини таъминлаш қобилиятига баҳо бериш имконини яратадиган ахборотдан манфаатдордирлар;
• қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат солиқ хизмати, статистика органлари ва жамоатчиликда.
• Ташкилот раҳбари молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этилишига жавобгардир. Раҳбар бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида қўшимча ахборотнинг шакли ва мазмунини мустақил белгилаш ҳуқуқига эгадир.
LiveБарчаси