Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар олдидан референдум тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди

Жамият

image

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш киритилди. Ҳужжат Қонунчилик палатасида 11 июнь куни қабул қилиниб, 13 июнь куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонуннинг 1-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, референдумда қабул қилинган қарорлар, агарда қабул қилинган қарорларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, фақат референдум орқали бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

8-моддага киритилган ўзгартиришлар билан манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида (аввал – 15 кун эди) маълум қиладилар.

Эндиликда 9-моддага киритилган ўзгартиришлар кузатувчиларга, жумладан, яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналарининг жойлаштирилишини, шунингдек, фуқароларнинг рўйхатга олинишини кузатиш имконини беради.

Шунингдек, мазкур модда кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши кераклигини ифода этувчи қўшимча банд билан тўлдирилди.

Қонуннинг 18-моддаси (Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари) аввал МСК референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари ва ҳаракатлари устидан ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилишни ҳам кўзда тутар эди. Энди эса комиссия овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.

Марказий сайлов комиссиясининг ушбу қонун билан тартибга солинмаган бошқа ваколатлари сайлов тўғрисидаги бошқа қонунлар билан тартибга солинади.

Референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан 10 кундан кечикмай камида 8−18 нафар (аввал — 9 нафар эди) комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади. Референдум ўтказувчи округ комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади.

Референдум ўтказувчи окруш комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин етти кундан кечикмай МСК томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

23-моддага киритилган ўзгартишларга кўра, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этадиган бўлса, улар ушбу комиссия таркибига тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касахоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари мустасно.

24-модда референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланишини кўзда тутган банд билан тўлдирилди.
 

25-моддага киритилган ўзгартишларга кўра, фуқаролар, шунингдек кузатувчилар референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан ушбу қарор қабул қилингандан кейин 5 кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. МСКнинг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин 5 кун ичида Олий судга шикоят қилиш мумкин. Шикоят келиб тушгандан кейин 3 кун ичида, агар референдумга 6 кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилади. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

IV боб 25−1-модда (референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби) билан тўлдирилмоқда:

Референдум ўтказувчи комиссиялар референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу қонун талаблари бузилганлиги ёки референдум ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, реферундумга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.

Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.

Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссиясини ушбу қонунда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган референдум ўтказувчи участка комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.

27-моддага қўшимчада овоз берувчи фуқаролар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш референдумга 5 кун қолганда тўхтатилиши белгиланди.

35−1-моддага кўра (муддатидан олдин овоз бериш) сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланадиган ёпиқ конвертда референдум учун қолдиради. Конверт ёпиштириладиган жойда участка комиссиясининг икки аъзосининг имзолари қўйилади, улар комиссия муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади. Сайловчининг имзоси ҳақидаги талаб моддадан чиқариб ташланди.

Қонун, шунингдек, фуқаронинг хорижий давлатда турган жойида овоз беришни тартибга солувчи 35−2-модда билан тўлдирилди.

37-моддага қўшимчада овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённоманинг нусхаси зудлик билан референдум ўтказиш бўйича округ комиссияси биносига камида 48 соат давомида осиб қўйилиши шарт.

41-моддага кўра, аввал референдумда қабул қилинган қарор Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида мажбурий бўлган ва Ўзбекистон давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари билан тасдиқланиши шарт эмас эди. Эндиликда мазкур қарорни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш зарур бўлса, давлат органи ўз ваколатлари доирасида қарор кучга кирган кундан бошлаб 10 кун муддатда мазкур масала ва уларни тайёлаш даври бўйича ҳужжатлар рўйхатини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгилаши шарт.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг